French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
22:32 / 2024-04-08

Оҳангарон туманининг “Нуробод” қўрғонида замонавий шароитларга эга бўлган Мономарказ фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида туман ҳокимлиги мутасаддилари, тегишли корхона ва ташкилотлар масъуллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Ушбу марказда ишсиз ёшлар бухгалтерия, косметология, сартарошлик, инглиз тили, корейс тили, немис тили, веб-дастурлаш, ошпазлик, электрпайвандлаш, қандолатчилик, тикувчилик каби йўналишлар бўйича малакали мутахассислардан сабоқ олиши мумкин.  

***  

Қўшни давлатга ўтиш учун “Ғишткўприк” чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган фуқаро божхона назоратидан ўтаётган вақтида хатти-ҳаракатларида шубҳа пайдо бўлгани сабабли божхона ходими уни белгиланган тартибда шахсий кўрикдан ўтказди. Натижада унда оғзаки сўровда маълум қилинмаган ва ёзма равишда декларацияланмаган 670 минг Россия рубли миқдоридаги хорижий валюта борлиги аниқланди.  

Ҳозир ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.  

Амалдаги тартибларга кўра, жисмоний шахслар томонидан эквиваленти 100 миллион сўмга тенг ёки ундан ошмайдиган миқдордаги нақд валюта маблағларини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига божхона назорати қоидаларига риоя этилган ҳолда чекловларсиз олиб чиқишга рухсат этилади.  

***  

Халқ депутатлари Паркент тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси ўтказилди. Унда Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев иштирок этди ва ташкилий масала кўрилди. Хусусан, шу пайтгача туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шоҳруҳ Шоаҳмедов фаолиятида йўл қўйган бир қатор камчиликлари учун вазифасидан озод қилинди.  

Шундан сўнг ҳудудда амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Келгусидаги режалар белгилаб олинди. Паркент тумани ҳокими лавозимига Сардор Исакулов тайинланди. Лавозимга тайинлангунга қадар у “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқарув раисининг ишлаб чиқариш, маҳаллийлаштириш, кооперация алоқаларни кенгайтириш бўйича биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.  

***  

Бўстонлиқ туманида спортнинг велоспорт тури бўйича ёшлар, ўсмирлар, кичик ўсмирлар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди. Барча тоифалар бўйича маҳоратли спортчилар сараланди.  

Мақсад яқинда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатларига пухта тайёргарлик кўришдир. Шу билан бирга, жорий йилнинг июнь ойида Қозоғистон давлатида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Вилоят велоспортчилари бу чемпионатга ҳам пухта тайёргарлик кўрмоқда.  

А.Мусаев,

ЎзА мухбири