English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
21:29 / 2024-02-01

Чиқиндидан маҳсулот ишлаб чиқарилади

Қуйи Чирчиқ тумани ҳудуддаги “TST Cluster” пахта-тўқимачилик кластерининг “Tashkent Cotton Textile” корхонасида пахта толасини қайта ишлаш жараёнида ҳосил бўлаётган чанг-чиқиндилар махсус филтр ва ускуналар ёрдамида тутиб қолиниб, прессланмоқда. Келгусида прессланаётган чиқиндилар асосида ип ўраладиган конуслар ишлаб чиқариш режалаштирилган. 

Мазкур корхона Германия, Туркия, Швейцария ва Италия каби давлатлардан келтирилган энг сўнгги замонавий, илғор технологик ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Бу эса амалиётга чиқитсиз технологияларни жорий қилиш, атроф-муҳитга ташланадиган чиқиндиларни кескин камайтириш имконини беради.

Кредит қарздорлигини ундиришдаги муаммолар

Тошкент вилояти прокурори С.Эшқувватов бошчилигида муаммоли кредит қарздорлигини ундириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Унда йўл қўйилган хато ва камчиликлар, аниқланган қўпол қонунбузилиш ҳолатлари танқидий муҳокама қилинди. Ўтган йилда прокуратура органларининг амалий ёрдами билан тижорат банкларининг 400 миллиард сўмлик кредит қарздорлиги ундирилган. 198 миллиард сўм қарздорликни ундириш бўйича судларга аризалар киритилиши таъминланган.

Шунингдек, муаммоли кредит қарздорлигини ундириш бўйича штаблар фаолияти ҳудудлар кесимида таҳлил қилиниб, ўз вақтида ундириш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.

Чиқиндиларни ёққан фуқарога чора кўрилди

Тошкент вилояти Экология бошқармаси инспекторлари ҳамда вилоят Ички Ишлар бош бошқармаси пост-патрул хизмати ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги назорат тадбири ўтказилди.

Бекобод шаҳрида яшовчи фуқаро С.А. ўз хонадонидан чиққан ҳар-хил турдаги қурилиш ва маиший чиқиндиларни бир жойга тўплаб ёқиб юборганлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан Унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда жаримага тортилди.

Пискент туманида эса фуқаро M.M. томонидан белгиланмаган жойга ҳар-хил турдаги маиший чиқиндилар ташлаётгани аниқланди. Шундан сўнг унга ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида жарима чораси қўлланилди.

Юқори Чирчиқ туманида футбол бино-иншоотлари қурилади

Тошкент вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан Футбол терма жамоалари тайёргарлик марказига туташ бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган давлат захирасидаги 9,9 гектар ер майдони футбол бино-иншоотлари қурилиши учун ажратилди.

Ажратилган мазкур ер майдонда футбол маркази ва унинг таркибий бўлинмалари учун зарур бино-иншоотлар, футбол майдонлари, футзал ва футбол ёпиқ иншоотлари, меҳмонхона, спорт тиббиёт маркази, сузиш ҳавзаси, ошхона каби объектлар барпо этилиши белгиланган.

А.Мусаев,ЎзА.