Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Туркиянинг йирик корхонаси “Reel Teknik Muhendislik” фирмаси бош директори Исмаил Кўркмаз ва “ProGen Tohum A.Ş” (уруғчилик) компаниясининг Ўзбекистондаги вакили Дилмурод Каланов билан учрашди. Унда автоматлаштирилган ишлаб чиқариш ва ёмғирлаш, суғориш, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида пахта етиштиришда FERTIRELL фирмасининг микробиологик ўғитларини тажрибадан ўтказиш ва “ProGen Tohum A.Ş” фирмасининг ўзига хос пахта уруғларини Ўзбекистонга олиб чиқиш таклифлари муҳокама қилинди.

Ҳамкорликда ғўза уруғларини келгусида Тошкент вилоятининг дала майдонларига экиш ишлари йўлга қўйилади.
***
Истеъмолчиларни барқарор электр энергияси билан таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент вилояти ҳудудий филиали 24 соат навбатчилик асосида ишламоқда.


Ҳозирда, вилоятда 186 та авария бригадалари фаолият юритмоқда. Унда 600 дан зиёд ходимлар ва 169 та махсус авто ва техникалар бириктирилган. Бир кунда ўртача 100 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушаётган бўлиб, улар зудлик билан бартараф этилмоқда.
***
Вилоятда 2024-2026 йилларда иҳота дарахтзорларини барпо этиш чоралари кўрилмоқда. Бунда, кўчатлар экилиши кўзда тутилган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари хатловдан ўтказилиб, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда лойиҳа-қидирув ишлари амалга оширилади. 2024 йилдан бошлаб ёмғир сувларини тўплаш учун мембрана (резервуар)лар ташкил этиш ҳамда замонавий сув ресурсларини тежаш услублари орқали дарахт ва буталарни суғориш тизимини ишга тушириш ҳам режалаштирилган.
***
Тошкент давлат аграр университетида фаолият юритаётган ва таҳсил олаётган 12 нафар олима хотин-қизлар “Олтин куз” медалига сазовор бўлди. Республика “Олима” аёллар уюшмаси томонидан Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб “Олтин куз” кўрик танлови бўлиб ўтди. Унда мазкур олийгоҳ хотин-қизларининг илмий фаолиятидаги ютуқлари эътироф этилди. Ташкилотчилар томонидан иқтидорли ёш олималарнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиқишлари эътиборга олиниб, диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
А.Мусаев,
ЎзА.