French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
18:06 / 2023-10-10

Вилоят кадастр бошқармасида “Оиланинг тинч-тотувлиги – меҳнат самарадорлиги гарови” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Унда хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда экстремизмга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш юзасидан сўз борди.

Бундан ташқари, аёлларга берилаётган имконият ва имтиёзлар, хусусан хотин-қизларнинг ўқиши учун берилаётган қўшимча квоталар, магистратура босқичида таълим олаётганларнинг шартнома пулларини тўлаб берилиши, субсидия ва бошқа шу каби масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди.  

***  

Вилоят божхона бошқармасида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси билан ҳамкорликда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган ўқув машғулоти ўтказилди. Унга бошқарма ходимлари, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъуллари ҳамда бошқармага бириктирилган 9-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари жалб этилди.  

Иштирокчиларга зилзила, ёнғин ва унинг оқибатлари тўғрисида назарий тушунчалар берилди. Тадбирнинг амалий қисмида эса соҳа мутахассислари томонидан фавқулодда ҳолатлар ва унинг оқибатларини бартараф этишда тўғри ҳаракатланиш, махсус техник воситалардан фойдаланиш тартиблари кўрсатиб ўтилди.  

***  

Тошкент давлат аграр университетига Хитойнинг Шимолий-Ғарбий Қишлоқ ва Ўрмон хўжалиги Университетининг вице-президенти бошчилигидаги делегацияси ташриф буюрди.  

Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди. Асосий эътибор ўқитувчилар алмашинуви, талабалар ва ёш олимларнинг амалиётини ташкил этиш борасидаги таклифларга қаратилди. Меҳмонлар аграр университетининг Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш, Зоотехния ҳамда Агробиология факультетларининг лабораториялари билан танишди.  

А.Мусаев, ЎзА.