Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:59 / 2023-09-30

Чирчиқ давлат педагогика университетида “Аждодлар хотираси мангу барҳаёт” шиори остидаги илмий конференция ўтказилди.

Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Тошкент вилояти бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги зиёлилар ва талаба ёшлар иштирок этди. Конференция “Уларнинг айби буюк бўлганлари эди” деб номланди. Конференцияни онлайн равишда шаҳар ва туманлардаги маънавият тарғиботчилари, зиёлилар, адабиёт ихлосмандлари кузатиб борди. Конференция ишида Тошкент давлат Шарқшунослик университети доценти, фалсафа фанлари доктори Шерали Қўлдошев, таниқли шоира Шарифа Салимова мушоҳадага чорлайдиган маърузалари билан қатнашди.  

***  

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилояти “АМАНАТ” партияси ҳузуридаги “Жастар руҳи” ёшлар қаноти раиси Асетхан Баймурза бошчилигидаги делегация вакиллари Тошкент вилоятига келди. Меҳмонлар ҳудудда ёшларга яратилган имкониятлар, Нурафшон шаҳридаги Ёшлар марказида ўғил-қизлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Миразиз Мирсултонов делегация аъзоларига амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича ахборот берди. Шундан сўнг делегация вакиллари Нурафшон шаҳридаги IТ парк ва Юқори Чирчиқ туманидаги Аструм академиясида бўлди. Ўзаро мулоқотлар давомида томонлар ўртасида келгусида ёшлар сиёсати ва ахборот алмашиш, ахборот технологиялари, ишсиз уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш каби йўналишларда ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.  

***  

Вилоят ИИББ раҳбарияти ва ҳудудий корхона ва ташкилотлар масъуллари томонидан Оққўрғон туманида аҳоли муаммоларини ижобий ҳал этишга қаратилган навбатдаги очиқ мулоқот ўтказилди. Унда фуқароларнинг ички ишлар органлари хизматига кириш, тергов ва суриштирув, ижтимоий ҳимоя ва моддий ёрдам, уй қурилиши ва таъмирланиши, кадастр, субсидия олинишида амалий ёрдам, йўл қурилиши, таъмирланиши ва бошқа шу каби бир қатор мурожаатлари ўрганилди. Турли мазмундаги 60 дан ортиқ мурожаатнинг бир қисми қабул жараёнида ва жойига чиқиб ўрганилди. Айримлари муҳокамалар давомида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш учун муддат талаб этадиган мурожаатларни қонуний тартибда ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди. Вилоят бўйлаб шаҳар ва туманлар бўйича 3-сектор раҳбарларининг аҳоли билан сайёр қабуллари давом этмоқда.  

А.Мусаев,

ЎзА мухбири.