Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан вилоятда тиббиёт, иқтисодиёт, фан, таълим, адабиёт ва бошқа соҳаларда фидойилик кўрсатган бир гуруҳ фаоллар давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлди. Уларга мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кириш сўзи билан очди ва мукофотланганларни халқимиз ва давлатимиз раҳбариятининг юксак эътирофига сазовор бўлганликлари билан самимий муборакбод этди. Улар орасида Қуйи Чирчиқ тумани “Маданият” маҳаллаcи ёшлар етакчиси Муҳаммад Юсифбоев ҳам бор. У “Жасорат” медали билан тақдирланди.
– Президентимизнинг бундай юксак эътирофига сазовор бўлганимдан жуда хурсандман, – дейди Муҳаммаджон. – Бу мукофот менга келгусидаги ишларим учун катта масъулият юклайди. Ўтган вақт давомида вилоятимиздаги ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу жараёнда ёшлар етакчилари амалга ошираётган саъй-ҳаракатларнинг ҳам ўз ўрни бор.
***
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Пискент бўлимининг янгидан бунёд этилган биноси очилди. Унда Давлат кадастрлари палатаси раиси, Тошкент вилояти Кадастр бошқармаси раҳбарлари, Пискент тумани ҳокимлиги ва ташкилотлар мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла нуронийлари қатнашди.
Рамзий лента кесилгач иштирокчилар бўлимда яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, маросим давомида бошқарма раҳбарияти томонидан соҳа ривожи йўлида узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар муносиб тақдирланди. Замонавий қурилиш технологияси асосида барпо этилган ушбу бино Пискент тумани аҳолиси учун сифатли хизмат қилишига шубҳа йўқ.
***
“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги кундаги энг асосий вазифалардан бири саналади. Шу мақсадда Оҳангарон тумани ҳокими Эркин Муҳиддинов бошчилигида 1-секторда 186 нафар хотин-қизга электропечлар тарқатилди.
Ўзаро учрашув давомида туман раҳбари “Аёллар дафтари” жорий этилганлигининг асосий мақсади ишсизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш, давлат томонидан кўрсатилаётган кўмаклар борасида ўз фикрларини билдирди. Режа бўйича ҳудуд бўйича дафтарнинг 2-тоифасига киритилган жами 544 нафар аёлга шу каби ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади.
***
“Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонлари жорий этилаётган Бўка туманидаги Эзгулик маҳалласида тантанали байрам шодиёналари бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят, туман масъуллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Мазкур тадбир доирасида спорт мусобақалари, айтиш мумкинки, мазкур ҳудудда қисқа вақт ичида олиб борилган бунёдкорлик ишлари кўрсатиб ўтилди. Маҳаллага 1 миллиард сўмдан ортиқ Республика ва вилоят бюджети маблағлари сарфланиб, ҳудуд инфратузилмаси яхшиланди ва аҳолининг яшаш тарзи ўзгарди.
А.Мусаев, ЎзА.