Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
14:38 / 2023-08-01

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Ўрта Чирчиқ туманидаги бир қатор уста ҳунармандларнинг оилавий тадбиркорлик фаолияти билан танишди. Хусусан, “Бунёдкор” маҳалласида бугунги кунда 10 дан ортиқ ишсизларни банд қилган оилавий тадбиркор Қосимов хонадонида бўлди.

Маҳсулотлари ички бозорда харидоргир тадбиркорнинг фаолиятини кўздан кечирар экан, “устоз-шогирд” мактаби билан ҳам танишди. Ибн Сино маҳалласидаги ҳунарманд Ғулом Каримов ҳам вилоят раҳбари билан мулоқотда келгусида фаолиятини ривожлантиришда қўшимча маблағ зарурлигини таъкидлади. Ўрганишлар давомида кўтарилган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.  

***  

Вилоят прокуратураси органлари томонидан экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.  

Жумладан, йил бошидан буён ўтказилган текширишлар натижасида 3 минг 268 нафар шахсларга нисбатан жами 1 миллиард 586 миллион 615 минг сўмлик жарима қўлланилган. Жойларда табиатга етказилган 1 миллиард 142 миллион 812 минг сўм зарар ундирилиши таъминланган. Ноқонуний чиқиндиларни ташлагани учун 1 минг 202 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан 279 миллион 552 минг сўм маъмурий жарималар ундирилган.  

***  

Ҳокимнинг тегишли фармойишига асосан кўп қаватли уй ва жамоат биноларининг ер тўла ва ярим ер тўла қаватларида жойлашган кўнгилочар шохобча, клуб, бар ва бошқа муассасаларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди. Объектларни тафтишдан ўтказиш давомида ёнғин хавфсизлиги, санитария нормалари ва қоидаларига риоя этилгани аниқланди. Кўп қаватли уйлар муҳандислик коммуникацияларининг тўғри бажарилгани, газ-электр ускуналари ва жиҳозларининг монтаж ишлари тўғри қилингани текширилди.  

Аниқланган камчиликлар тегишли тартибда бартараф қилинмоқда.  

***  

Қибрай туманида ёшлар билан ишлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир ҳудудда 14-30 ёшдагилар сони 38 минг 408 нафарни ташкил этса, улардан 1 минг 350 нафари “Ёшлар дафтари” га киритилган. Жорий йилда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан дафтарга киритилганлардан 549 нафарининг бандлиги таъминланди. Ўз ҳунармандчилигини йўлга қўйиш учун 20 нафар йигит-қизга зарур асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари берилди. Бундан ташқари, 173 нафар талабага ўқиётган олийгоҳига тўлов контракт тўланди. Бу борадаги ишлар давом этяпти.  

А.Мусаев, ЎзА.