Вилоят ҳокимининг тегишли қарорига асосан ҳудудларда бу йил пахта ҳосилдорлигини ошириш учун ғўзани асалари билан чанглатиш агротехникаси қўлланилади. Бунда ғўзани асалари билан чанглатиш хизмати учун тўловлар белгиланган тартибда амалга оширилади.
Бунинг учун жойлардаги 19 минг гектардан зиёд пахта майдони танлаб олинди. Асаларичилик саноат марказини ташкил этиш орқали кооперация асосида аҳоли хонадонларини асаларичиликка ихтисослаштириш ва асалари оилаларини етиштириш йўлга қўйилади. Жойларда махсус дўконлар ташкил қилиш, асал маҳсулотини қайта ишлаш, қадоқлаш, асаларичилик жиҳозларини ишлаб чиқариш, маҳаллий шароитда она асалариларини етиштириш, ёшларни асаларичилик фаолиятига жалб этиш, асаларининг турли касалликларининг олдини олиш бўйича ветеринария хизматлари ташкил қилиниши ҳам инобатга олинмоқда.
***
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Баркамол авлод” болалар мактаби томонидан “Янги имкониятлар ойлиги” доирасида “Йил тўгарак раҳбари” танлови эълон қилинган эди. Шу муносабат билан вилоят “Баркамол авлод” болалар мактабида “Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати” йўналишида фаолият юритаётган ҳамда илғор иш тажрибасига эга бўлган тўгарак раҳбарини аниқлаш мақсадида танловнинг вилоят босқичи ташкил этилди. Ушбу танлов иштирокчилари моҳир ҳунарманд усталар томонидан низомга мувофиқ баҳоланиб, ғолиблар аниқланди. Унга кўра, биринчи ўрин Абдураҳмонова Феруза (Пискент тумани), иккинчи ўринни Тошева Феруза (Бўстонлиқ тумани) ва учинчи ўринни эса Отабоева Шаҳноза (Бекобод шаҳар) эгаллади.


***
Айни кунларда Пискент тумани ИИБ ТҚХ ЖҚБ ходимлари ҳамда ИИБ ХПБ билан ҳамкорликда ўтказилаётган кенг қамровли “Қора дори – 2023” профилактик тадбирлар 1-босқичи ўтказилмоқда. Хусусан, Мингтепа маҳалласида яшовчи Б.Н. ўз ҳовлисига экилган маккажўхори ва узум боғи орасида 18 туп, гуллар орасида 6 туп, жами 24 туп наша ўсимлигини экиб, парваришлаётгани аниқланди. Худди шундай ҳолат Тараққиёт маҳалласида яшовчи фуқаро Т.М.нинг хонадонида ҳам кузатилган. У ҳовлисидаги дарахтлар остида 22 туп кўкнори ўсимлигини парваришлаб келган. Бўка туманида туғилган фуқаро О.С. эса Култепа маҳалласи ҳудудидаги дала майдонида ўз истеъмоли учун наша ўсимлиги баргларини териб, қовуриш учун тайёргарлик кўраётган вақтида ушланган. Барча ҳолатларда далилий ашёлар қонуний тартибда ҳужжатлаштириб, қонунбузарларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.


А.Мусаев, ЎзА