Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Пискент туманида мутасаддилар иштирокида йиғилиш ўтказди. Унда “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорнинг ҳудуддаги ижроси танқидий таҳлил қилинди.
2022-2023 йилларда Пискент туманида жами 1 минг 210 гектар унумдор майдон деҳқон хўжаликлари учун ажратилиши белгиланган. Аммо Ғайрат, Дўстлик, Файзобод, Чимқўрғон, Оқтом маҳаллаларида айрим лотлар сув таъминоти муаммоли майдонлардан аукцион савдоларига чиқарилган. Айрим фермер хўжаликларда ажратилган майдонларда эса шу вақтгача ер шудгорланмаган ёки бўш қолдирилган.
Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун аниқ вазифалар белгилади ва масъул раҳбарлар бириктирилди.
*****
Хитой тажрибасини ўрганиш ва ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича самарали келишувларга эришиш мақсадида Тошкент вилояти ва Шинжон-Уйғур автоном райони ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилди. Хусусан, вилоятнинг Урумчи шаҳрида очилиши кўзда тутилган ваколатхона фаолияти мувофиқлаштирилади. Шу билан бирга, томонлар ўртасида Шинжон-Уйғур автоном райони билан юқори технологиялар, инновациялар, саноат, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа йўналишларда амалий ҳамкорлик кенгайтирилади.
*****
Вилоят миришкорлари бу йил пахтадан мўл ва сифатли ҳосил етиштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яъни, жорий йил ҳосили учун 70 минг 161 гектар майдонга чигит экилиб, ғўза парвариши агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан доимий мониторинг-таҳлил тадбирлари ўтказилмоқда.

Айни кунларда 16 минг 311 гектар ғўза майдони шоналаш даврида ривожланмоқда. Бир кунда 4,6 фоиз, мавсум бошидан 38 минг 841 гектар майдонда озиқлантириш ишлари олиб борилди. Мавжуд пуркагичлар ёрдамида ғўзани баргидан озиқлантириш ишлари ҳам бажарилиб, минерал ўғитлар билан ҳам ишлов беришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Ғўза агротехникасига 25 минг 200 нафар мавсумий ишчилар жалб қилиниб, чопиқ ишлари давом этмоқда.
*****

“20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурининг ижроси доирасида ҳудудларда амалий ҳаракатлар бошланган. Шу асосда амалий мономарказлар ташкил этилиб, ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилмоқда. Юқори Чирчиқ тумани “Миллатлар дўстлиги" маданият саройида ўтказилган меҳнат ярмаркасида ҳам ана шу хайрли ишга алоҳида эътибор қаратилди. Ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 82 тадбиркорлик субъектлари ўзининг икки юзга яқин бўш иш ўрни билан қатнашди. Ҳозирги пайтда 350 нафардан зиёд доимий иш билан банд бўлмаган фуқаролар, дафтарлардаги аёллар ва ёшлар иштирок этиб, шулардан 131 нафари иш билан таъминланди. 12 нафари қайта касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилди.
А.Мусаев,
ЎзА.