Ноқонуний олиб ўтилаётган заргарлик буюмлари фош бўлди. Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари томонидан, ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда юртимизга ўтиш учун “Youtong BUS” русумли автобусда кириб келган фуқаро К.А. бошқарувидаги транспорт воситаси назоратдан ўтказилди.
Хусусан, автобус салонининг олд қисмидаги совутгичнинг тагида, ҳайдовчи томонидан олдиндан яширилган оғзаки сўровда тақдим этилмаган ҳамда декларацияланмаган саккиз дона қиймати қарийб 405 миллион сўмлик оғирлиги салкам ўн килограмм бўлган заргарлик буюмлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан қонуний чоралар кўрилмоқда.
******
Талабалар таътилда ишлаш учун Германияга юборилади. Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳудудий филиали ташаббуси билан Чирчиқ давлат педагогика университетининг 68 нафар талабаси билан бугунги кунда шартномалар имзоланди. Улар 80 кун муддатга июнь ойининг бошида Германия давлатига жўнаб кетади. Бундан кўзланган мақсад ёшлар билимини ошириш ва танлаган соҳаларда хориж тажрибасини ўрганишга кўмаклашиш.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Германия Федератив Республикасининг “НоВо агенси” ташкилоти ўртасида 2021 йил август ойида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Германия ҳудудида ташкилий тарзда вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш ва юбориш тўғрисида шартнома имзоланган эди. Ушбу шартнома асосида жорий этилган дастур фақат талабалар учун ишлаб чиқилган бўлиб, Германияда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақсадида “Work and travel” яъни, “Иш ва саёҳат” лойиҳаси асосида амалга оширилмоқда.
А.МУСАЕВ,
ЎзА мухбири