Президентимиз раислигида жорий йил 15 январь куни бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент вилоятида амалий ҳаракатлар давом этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Варшава шаҳридаги элчихонаси кўмагида Тошкент вилояти ҳокимининг ёрдамчиси Дилшод Расуловнинг Польша Республикасига сафари ташкил этилди. Унда Польша Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш миллий маркази (Krajowy Ośrodek Wsparcia Rolnictwa – KOWR) бош директори ўринбосари Лусиан Зволак билан учрашув ўтказилди.

Музокаралар чоғида томонлар 2025 йил 26-28 ноябрь кунлари Польша қишлоқ хўжалиги ва қишлоқни ривожлантириш вазири С.Краевски бошчилигидаги ҳамда “КОWR” бош директори Х.Смоларж иштирокидаги бизнес делегациянинг Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини юқори баҳолади. Учрашувда мазкур ташриф доирасида эришилган келишувлар икки мамлакат ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни кенгайтириш, сақлаш ва экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, агросаноат соҳасида кооперацияни чуқурлаштириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда логистика занжирларини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Сафар давомида Ўзбекистон учун ажратилган логистика марказининг амалий имкониятлари жойига чиққан ҳолда ўрганилди.

Мазкур инфратузилма Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларига тезкор ва самарали етказиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Сафар доирасида, шунингдек, Подкарпат воеводлигида фаолият юритувчи нуфузли “Impel Group”, “Liderzy Nieruchomosci”, “Dreyzac”, “Brigante”, “Yoshi Innovation” компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар ташкил этилди. Мулоқотларда Тошкент вилоятида сармоявий муҳитни янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароитлар ҳамда инвестиция учун устувор йўналишлар тўғрисида кенг қамровли маълумотлар тақдим этилди.
Хусусан, мамлакатнинг олис ҳудудларида газдан барқарор электроэнергия ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида сунъий интеллект ва рақамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий тиббий клиникаларни барпо этиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида мазкур йўналишларда амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инвестиция лойиҳаларини жойида ўрганиш ҳамда аниқ таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2026 йил февраль ойида Польша компанияларининг Ўзбекистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди. Бундан ташқари, мамлакатимиз элчихонасида “Польша – Осиё” Савдо палатаси Президенти Януш Пехочинский билан мазмунли ва самарали учрашув бўлиб ўтди. Унда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, хусусан, полшалик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Жаноб Януш Пехочинский бошчилигида Польша компанияларининг Ўзбекистонга, хусусан, Тошкент вилоятига бизнес-миссиясини ташкил этиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Ушбу ташриф доирасида аниқ инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш, маҳаллий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатиш ҳамда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятларини кўриб чиқиш режалаштирилди.
Жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, электротехника саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, шунингдек, балиқчилик ва паррандачилик учун озуқа тайёрлаш соҳаларида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
А.Мусаев,ЎзА.