Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти: туризм ривожи учун истиқболли лойиҳалар
16:00 / 2022-05-05

Тошкент вилоятига келувчи хорижий ва маҳаллий сайёҳлар сонини жорий йилда 3 миллион 500 минг нафарга етказиш режалаштирилган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда туризм соҳасига қаратилаётган эътибор ҳамда ушбу соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ўз самарасини бераётир. Айниқса, соҳадаги тадбиркорларга бир қатор субсидия ва имтиёзли кредит ажратилмоқда. Бу олис ва чекка ҳудудларда туризмни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этаётир.

Президентимиз раислигида 26 апрель куни ўтказилган туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилишида мавжуд имкониятларни ишга солиб, пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш, хизматлар кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди. Аввало, туристларни ўзига оҳанрабодай жалб қиладиган йирик лойиҳаларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. Таҳлилларга кўра, Тошкент вилоятида 2021 йил ва 2022 йил биринчи чорагида туризм соҳасида 1 триллион 107 миллиард сўмлик жами 62 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди. Хусусан, Ангрен шаҳри “Янгиобод” МФЙ ҳудудида "Истиқбол файз плюс" МЧЖ томонидан ўз маблағи ҳисобидан 50 миллиард сўмлик 220 ўринга мўлжалланган “Янгиобод санаторийси” ташкил этилиб, 60 нафар янги иш ўринлари яратилди. Бўстонлиқ туманида эса "Сhinorkent" МЧЖ томонидан жами 92,4 миллиард сўмлик замонавий дор йўли (канат) ташкил этилиб, 10 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

– Бундан ташқари, жойларда маҳаллий ва хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 8 та туристик фирма, 443 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилди, – дейди Тошкент вилояти ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Жамшид Бабажанов. – Бу орқали 2 минг 385 та янги иш ўрни яратилди. “Олтин халқа” туризм концепцияси доирасида вилоятдаги истиқболли ҳудудларнинг янги туризм йўналишлари бўйича ўзаро боғлиқликда ривожлантиришга қаратилган Бўстонлиқ, Паркент, Зангиота, Оҳангарон, Бўка, Чиноз туманлари ва Ангрен шаҳрида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, 90 километр йўлларни асфальтлаш, 166 та туристик йўл кўрсаткич белгиларини ўрнатиш, 70 дан ортиқ енгил конструкцияли овқатланиш ва 30 дан ортиқ санитар-гигиеник шохобчалар ўрнатиш ва 100 дан ортиқ “Wi-Fi” нуқталари ташкил қилиш ишлари амалга оширилди. Натижада, 2021 йили ҳудудга келувчилар 2 миллион 338 минг нафарни, шундан, хорижлик сайёҳлар 80 минг нафарни, маҳаллий туристлар 2 миллион 258 минг нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткичнинг асосий қисми юқоридаги туманларга тўғри келади. Жорий йил якунигача вилоятда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 10 та туристик фирма, 176 та янги оилавий меҳмон уйи ва умумий қиймати 3,2 триллион сўм бўлган жами 82 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади. Жумладан, вилоятда биринчи бўлиб оилавий меҳмон уйини ташкил этган фуқаро О.Юсупов томонидан Паркент тумани “Кумушкон” МФЙда 4 миллиард сўмлик хостел лойиҳасини амалга ошириш натижасида 25 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Ангрен шаҳрида “Янгиобод Жемчужина Чаткала” МЧЖнинг хорижий инвестиция ҳисобидан 70 миллион долларлик “Осма дор йўли ва тоғ чанғи курорти” лойиҳасининг ишга туширилиши натижасида 50 нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Шунингдек, туристик маршрутлар бўйлаб инглиз, рус, ўзбек тилларида йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилади, туристлар келувчи объектларда “Wi-Fi” ҳудудлари ташкил этилади. Жойларда санитария-гигиена шохобчалари қайта таъмирланиб, янгилари қурилади. Натижада, вилоятда туризм ва унга йўлдош хизмат соҳаларида 10 минг 200 нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Паркент тумани “Кумушкон” МФЙ, Оҳангарон тумани “Кўксарой”, “Эртошсой” ва “Овжазсой” қишлоқларига “Туризм қишлоғи” мақоми берилади. Гастрономик кўча лойиҳаси амалга оширилиши мақсад қилинган. “Шоабдумалик ота” зиёратгоҳида зиёрат туризм кластери ташкил этилади. Натижада, вилоятга келувчи хорижлик ва маҳаллий сайёҳлар сони жами 3 миллион 500 нафарга, шундан, зиёратчиларнинг умумий сони 1 миллион нафарга етказилади. Президентимизнинг Тошкент вилоятига сайлов олди ташрифи давомида “Узумчилик ва вино фестивали” ни ўтказиш ва бунинг учун Паркент тумани мезбонлик қилиши таъкидланган эди. Шу мақсадда январь ойида вилоят вакиллари Италия ва Франция давлатларига бориб, бир қатор учрашувлар ўтказди.
 

Умуман олганда вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш орқали сайёҳларни жалб этиш ва саёҳатларни мазмунли ўтказиш, мазкур соҳанинг тармоқларини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

А.Мусаев,

ЎзА мухбири