Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Латвия Республикаси делегацияси билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Латвия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор Элчиси Гиртс Яунземс, Латвия Қишлоқ хўжалиги маслаҳат ва таълим маркази бошқаруви раиси Мартинш Симерманис ва бошқа расмийлар иштирок этди.

Мулоқот аввалида вилоят ҳокими меҳмонларни мамлакатимиз, хусусан, Тошкент вилоятига ташрифи билан самимий қутлади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни, жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилаётган дастурларни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирилди. Меҳмонлар билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, айниқса, фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда аграр тармоқни модернизация қилиш, қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш ва фермерларнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Миллий қонунчиликда фермерлик ҳаракатини кенг тараққий эттириш, аграр тармоқда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ҳамда ички ва ташқи бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Эътиборлиси, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган, умумий қиймати 2 миллион евродан ортиқ бўлган ва 3 йилга мўлжалланган лойиҳа доирасида бозор тамойилларига асосланган, барқарор ва инклюзив агроозиқ-овқат тизимини шакллантириш кўзда тутилган. Лойиҳа фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадларини ошириш, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари яратиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида қонунчилик тарғиботи, Латвияга ўқув ташрифлари ва менторлик дастурларини ташкил этиш, кооперативлар фаолиятини барқарор йўлга қўйиш учун старт грантларини тақдим этиш каби амалий чора-тадбирлар режалаштирилган.
З.Мирзаев Тошкент вилояти мамлакатдаги нуфузли аграр салоҳиятга эга ҳудуд эканини таъкидлаб, мазкур лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Бу борада туман ҳокимликлари, соҳавий бошқармалар, фермерлар уюшмалари ва таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик таъминланиши алоҳида қайд этилди.
Якунда томонлар қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш, логистика, “яшил” технологиялар ва касб-ҳунар таълими соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирди.
А. Мусаев, ЎзА