Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Даврон Ҳидоятов Нурафшон шаҳрида сайловчилар билан учрашди
11:33 / 2021-02-26

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига бўш жойлар учун кўрсатилган номзодлар жойларда сайловолди ташвиқотини олиб бормоқда.

Хусусан, 47-“Нурафшон” сайлов округидан халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига кўрсатилган номзод Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида сайловчилар билан учрашди.

Тадбирни номзодни депутатликка кўрсатган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти Кенгаши раиси Тўлқин Файзиев олиб борди. Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Маҳмуд Тоир йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.

Таъкидланганидек, номзод сайловолди дастурида одамлар талабидан келиб чиқиб, аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш билан бирга, Нурафшон ва Тошкент шаҳри ўртасида тезюрар автобус қатнови йўлга қўйилиши, университет, Президент мактаби, боғчалар қурилиши кўзда тутилган. Бу борада амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ва уларнинг самаралари хусусида сайловчиларга атрофлича маълумот берилди.

Номзод Нурафшон шаҳрини янгидан барпо этиш, бу ерда аҳолига қулайлик яратиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди. Шунингдек, ички йўлларни таъмирлаш, канализация тизимидаги ишларни охирига етказиш, тоза ичимлик суви таъминотини яхшилаш борасида қилинаётган ишларга ҳам алоҳида тўхталди.

Учрашувда аҳоли томонидан келиб тушаётган мурожаатларнинг кўпчилиги ишга жойлашиш, моддий ёрдам, болалар нафақаси, ички йўлларни таъмирлашга оид экани, сўнгги 20 кунда аҳоли томонидан келиб тушган 500 та мурожаатнинг 470 таси эса жойида ҳал этилгани айтиб ўтилди.

Номзоднинг сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувида ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар учун санаторий-курорт ташкил этиш таклифи берилди ва бу лойиҳа эътиборга олиниши айтилди.

Маълумот учун, айни вақтда Даврон Ҳидоятов Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият юритмоқда. Сайлов шу йилнинг 28 феврал куни айни ҳудудда бўлиб ўтади.

А.Мусаев, ЎзА