Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент вилояти ҳокими депутатлар ва тадбиркорларга мурожаат қилди
16:11 / 2021-04-19

Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди.

Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятовнинг ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, қўшимча иш ўринларини яратиш ва бюджетга тушумларни кўпайтириш юзасидан биринчи ярим йилликда амалга ошириладиган ишлар бўйича мурожаати тингланди.

Президентимиз раислигида 8 апрель куни ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш ва бюджет тушумларини кўпайтириш бўйича долзарб вазифалар белгилаб берилди. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маблағлар ажратилиб, уларга зарур шароит яратиш кераклиги алоҳида қайд этилган эди.  

Сессияда Президентимиз томонидан берилган вазифалар юзасидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган масалаларга тўхталиб ўтилди.  

Маълум қилинишича, вилоятда бу йил I чорак якуни билан ялпи ҳудудий маҳсулот 104,5 фоизга, саноат 103,0 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 102,8 фоизга, хизматлар ҳажми 105,3 фоизга, пудрат ишлари 130,3 фоизга ўсиши таъминланди. Ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитининг яратилиши натижасида бугунги кунда жами 82,4 мингта тадбиркорлик субъекти фаолият кўрсатмоқда.

Йил бошидан буён 4,8 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди, шундан, 2,3 мингтаси кичик бизнес субъекти ҳамда 2,5 мингтаси якка тартибдаги тадбиркорларни ташкил этмоқда.  

Вилоятда тадбиркорлар муаммолари билан ишлаш бўйича ташкил этилган Бош вазир қабулхонасига дастлабки 3 ой мобайнида 555 та тадбиркорлик субъектидан жами 1 минг 348 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 1 минг 310 таси кўриб чиқилган ва 38 таси ўрганиш жараёнида.

Таъкидланганидек, Тошкент вилоятида “Ёшлар дафтари”га 37 минг 295 нафар ишсиз ва доимий бандлиги таъминланмаган ёшлар рўйхатга олинган бўлиб, шундан “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ҳудудларда ёшларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда рўйхатга олинган 5 минг 551 нафар ёшни тадбиркорликка ўқитиш режалаштирилган. Бугунги кунда 2 минг 926 нафар ёш тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш курсларига қамраб олинган. Шундан, 1 минг 834 нафар ўқув курсларини тамомлаган йигит-қизга сертификатлар берилди.  

ab"Микрокредитбанк" томонидан бугунги кунга қадар курсларни тамомлаган 470 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун жами 15,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди. Шунингдек, жорий йилнинг I чорагида “Ёшлар 1+1" тамойили асосида вилоятдаги 1 минг 504 та тадбиркорлик субъекти ва 313 нафар ҳунармандга жами 3 минг 291 нафар "Ёшлар дафтари"да рўйхатга олинган ишсиз ёшлар бириктирилди.

Жорий йил бошидан буён вилоятда 4 минг 146 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 5 минг 717 та иш ўрни ташкил этилди.

– Президентимизнинг вилоятга амалга оширган ташрифи чоғида жорий йил якунига қадар 150 мингта иш ўрни яратиш бўйича берган топшириғига асосан дастур қабул қилдик, – дейди вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов. 

– Ушбу дастурга асосан, қуйидаги йўналишлар устувор этиб белгилаб олинди. Жумладан, аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида мавжуд бўш иш ўринлари, субсидия ажратиш, касб-ҳунарга ўқитиш, инвестиция лойиҳалари, кичик бизнесни ривожлантириш, “Ёшлар 1+1" тамойили асосида, оилавий тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги ва кластерларни ривожлантириш ҳисобига амалга оширилади. Хусусан, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига қиймати 447,3 миллиард сўмлик 47 та лойиҳа амалга оширилди, натижада 1 минг 168 та иш ўрни яратилди.  

Янгийўл туманида “MYASNOY DVORIK” МЧЖ томонидан қиймати 57 миллиард сўмлик “Чорвачиликни ривожлантириш сут ва гўштни қайта ишлаш” лойиҳасини ташкил этилиши натижасида 100 та янги иш ўрни яратилди. Пискент туманида “SUV TRANS INVEST” МЧЖ томонидан қиймати 32,1 миллиард сўм бўлган шебен ва клинец ишлаб чиқариш фаолияти кенгайтирилиб, 25 та янги иш ўрни яратилди.

Вилоятда жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш бўйича қиймати 296 миллион АҚШ доллар бўлган 107 та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Шундан, биринчи чоракда ўзлаштирилиши белгиланган режа 107,2 га етди. Ўз навбатида, 126,8 миллион АҚШ долларлик экспорт прогнози амалда 123,5 фоизга ўсди.

Таҳлилларга кўра, 2020 йил якуни билан маҳаллий бюджет маблағларининг орттирилган қисми 260 миллиард сўмни ташкил этган. Жорий йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджет режаси 647,4 миллиард сўм бўлиб, амалда 808,8 миллиард сўмга бажарилди.

Сессияда ўтган вақт давомида эришилган натижалардан хулоса чиқарган ҳолда, келгуси режалар атрофлича муҳокама қилинди. Бу жараёнда барча давлат ташкилотлари мутахассисларининг масъулият ва жавобгарлигини ошириш лозимлиги айтиб ўтилди.  

<iframe width="1440" height="757" src="https://www.youtube.com/embed/K8L68M9xMBM" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

 

Абдулазиз Мусаев, Нозим Абдулла(сурат), ЎзА