Миллий археология маркази катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Беҳзод Исабеков сўнгги йилларда Тошкент вилоятида олиб борилган археологик тадқиқотлар ҳақида тўхталиб, ҳали тўла ўрганилмаган ёдгорликлар, қадимий шаҳарлар ва металлургия марказлари ҳақида қизиқарли маълумотлар берди.
— Кейинги йилларда Тошкент вилояти ер ости қазилмасидан қандай ноёб топилмалар топилди?
— Сўнгги йилларда устозимиз, академик Аҳмадали Асқаров билан Норин тумани, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Олмалиқ, Пискент туманларида, шунингдек, Ангрен шаҳри атрофларида археологик қазишма ишларини олиб боряпмиз. Сўнгги тадқиқотлардан бири Оҳангарон водийсидаги Суюрлитепа ва Тункат ёдгорликларида олиб борилди. Ҳозирги кунда қадимги Илоқ давлатининг пойтахт шаҳри сифатида эътироф этилаётган янги ёдгорликда қазишма ишларини олиб боряпмиз. Бу ёдгорлик Суюрлитепа ёдгорлиги ҳисобланади. Оҳангарон водийсидаги Суюрлитепа ёдгорлигида оташпарастлик ибодатхонаси ва кўҳандиз ўрганилди, топилган археологик материаллар таҳлил қилинди. Шунингдек, Оҳангарон водийсининг илк, ўрта ва ривожланган асрлар даври сиёсий-мафкуравий пойтахти масаласида янги хулосалар илгари сурилди.

Кўплаб ёзма манбаларда Илоқнинг марказий шаҳри айнан Тункат шаҳри деб таъкидланган. Тункат шаҳрини Илоқнинг пойтахт шаҳри эмас, балки металлургия ишлаб чиқариш, ҳунармандчилик хўжаликлари билан боғлиқ марказий саноат шаҳри деган ғояни илгари сурмоқдамиз.
Шу мақсадда 2012 йилдан бугунги кунга қадар доимий экспедициялар, қазишма ишлари олиб бориляпти.
— Илоқ бирор давлат номими? Бу ҳақда батафсилроқ тушунтириб беринг.
— Илоқ воҳаси тарихий вилоят ва давлат сифатида антик, илк ва ўрта асрларда Тошкент воҳасида фаолият юритган. Илоқ давлати баъзида мустақил бўлган бўлса, баъзан Чочнинг таркибий қисми сифатида фаолият юритган. Яна битта нарсани айтишим мумкинки, ўша даврларда Илоқ давлатида ҳунармандчилик, тоғ-кон металлургия соҳаси жуда ҳам юксак тараққий этган ҳудудлардан ҳисобланган.
Ўрта аср манбаларида айтиладики, Мовароуннаҳрда учта ҳудудда танга зарб этилган: Самарқанд, Бухоро ҳамда Илоқ ҳудудларида. Демак, бундан кўриниб турибдики, ўша даврда ҳам иқтисодий жиҳатдан, қолаверса ўзининг стратегик жиҳатидан ҳам Илоқ марказий шаҳарлардан бири ҳисобланган. Шунинг учун у баъзида давлат сифатида, баъзан кимгадир тобе бўлган.
Кўплаб араб манбаларида 15 дан ортиқ шаҳарлари бўлган, баъзан эса ундан ҳам кўп деб айтилган. Шунинг учун Илоқ билан кўпинча тарихда Чоч (Тошкент) иккаласи ёнма-ён туради. Баъзан иккаласи бирлашиб кетган, баъзида мустақил фаолият юритган. Тарихий манбаларда Илоқнинг пойтахт шаҳри сифатида Тункат келтирилган.
— Тункат ҳозирги кунда қайси ҳудудда жойлашган?
— Тункат ҳозирги кунда Оҳангарон тумани “Янгиобод” МФЙ Обиз қишлоғи ҳудудида жойлашган қадимий ёдгорлик саналади. Тункат археологик жиҳатдан юзлаб тепаликлардан иборат. Яъни, Тункат шаҳри ўша пайтда Илоқнинг марказий металл эритиш шаҳри ҳисобланган. Ҳозирги кунда ҳам атрофига қарасангиз юзлаб тепаликларда худди тоғ-уюмлари каби минглаб тонна эритилган шлак (тошқол) қолдиқлари ётибти.
2012-2025 йилларда учта тепаликни очиб ўргангандик, у ерлардан металл печлар қолдиқлари, металл қувур бўлаклари топилди. Тункат шаҳри Илоқ давлатининг нафақат сомонийлар ва қорахонийлар даврида, ҳатто илк ўрта асрларда ҳам пойтахт шаҳри бўлмаган. Тункат шаҳри Илоқнинг марказий металл эритиш шаҳри ҳисобланган. Суюрлитепа эса айнан Илоқнинг пойтахт шаҳри ҳисобланган, деган қарашларни илгари суряпмиз.
Суюрлитепа Оҳангарон туманининг Қорабулоқ қишлоғи жанубий чегарасида, Олмалиқ-Ангрен йўлининг ўнг томонида, Оҳангарон дарёсининг иккинчи террасаси устида жойлашган. Суюрлитепа қадимги шаҳрининг топографик планига эътибор қаратсангиз, бу яққол кўзга ташланади.
Суюрлитепа ўз даврида Имлоқ, деб аталиб, мамлакат номи қадимги шарққа хос анъаналарга кўра шаҳар номи билан аталган бўлиши мумкин. Тункат ва Илоқ (Имлоқ) атамалари билан боғлиқ локализация масаласи Тункат ва Суюрлитепа ёдгорликларида қўшимча археологик тадқиқотлар олиб боришни ва уларнинг илмий ечимида ёзма манбалар маълумотларини жалб этишни талаб этади.
Албатта, янгидан-янги замонавий изланишлар, қазишмалар, манбаларни ўрганиш орқали кейинчалик бир тўхтамга келишимиз мумкин. Шунга қарамасдан мана шу Суюрлитепада устозимиз билан биргаликда кўплаб шаҳристон, ибодатхона, қолаверса қабр қўрғонларини ҳозирги кунгача ўрганиб келяпмиз.
Ангрен, Оҳангарон ҳудудларидан “Қовунчи маданияти”га оид кўплаб “катакомба” (ер остида махсус қазиб ясалган қабр иншооти) типидаги қабрлар очиб ўрганилди. Айнан мана шу “Қовунчи маданияти”га оид қабр қўрғонлари нафақат Тошкент вилояти, балки республикамизнинг кўплаб жойларидан топиб ўрганилиб, илм-фанга маълум бир маънода катта янгиликларни олиб кирди, деб айта оламиз.
— Нега “Қовунчи” сўзи ишлатилаяпти бу ҳудудларга нисбатан?
— “Қовунчи маданияти” милоддан аввалги 2 аср милодий 6 асрга оид археологик маданият. Ўрганилган жой Қовунчитепа харобаси бўлгани учун шу ном билан аталган. Бу маданият энг кўп Тошкент воҳаси, Сирдарё ўрта оқими ва Фарғона шимоли-ғарбий қисмида тарқалган. Янгийўл туманида археолог Г.В.Григорев томонидан 1934-37 йилларда очилган. “Қовунчи маданияти” ўзининг дафн маросимлари, удумлари ва топилмаларнинг фарқли жиҳатларидан келиб чиқиб, илм-фанга “Қовунчи маданияти” номи билан кирган.
“Қовунчи маданияти”нинг муҳим хусусиятларидан бири — сопол идиш қопқоқлари, қўралар, диний маросим буюмлари икки бошли қўчқор ёки шохли ҳўкиз бошли тагдонлар билан алоҳида ажралиб туради. Деярли барча сополлар қўлда, қўпол услубда ясалган, ташқи қисмига эса ангоб берилган. Бу жиҳатлар уни бошқа маданиятлардан фарқ қилдирган. Кейинчалик археолог Г.В.Григорев ушбу маданиятни илм-фанга киритди. Бугунги кунда археологлар томонидан Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида “Қовунчи маданияти”га оид қабр-қўрғонлар топилиб, ўрганилмоқда.
Тошкент воҳаси қулай географик ҳудудда жойлашган бўлиб, қадим ва узоқ тарихга эга. Шу туфайли бу ҳудудларда аҳоли доимий яшаб келган ва турли маданий ҳамда археологик ёдгорликлар шаклланган. Вилоятда 820 дан ортиқ маданий мерос ёдгорлиги мавжуд. Улардан қарийб 400 таси археологик ёдгорликлардир. Бу ёдгорликларни ўрганиш учун вақт ва пул керак. Шу билан бирга, очилган, ўрганилган ёдгорликларни очиқ осмон остидаги музейга айлантириш уни келгуси авлодларга етказиш барчамиз учун энг асосий масала саналади.
ЎзА мухбири
Нигора Раҳмонова
суҳбатлашди