Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ташкил этилган тантанали очилиш маросимида Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти, Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари, божхона фахрийлари ва шахсий таркиб иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар янги маъмурий бинони сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуслари асосида божхона соҳасидан амалга оширилаётган изчил ва улкан ислоҳотларнинг ёрқин намунаси сифатида алоҳида эътироф этди.
Бундан атиги икки йил аввал эзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилган эди. Ўтган қисқа фурсат давомида замонавий божхона стандартларига тўла жавоб берадиган маъмурий бино бунёд этилди.
Президентимизнинг 2017 йил 20 июлдаги “Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштириш, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Эндиликда мазкур бошқарма биносидан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидан вазиятни кузатиб бориш ҳамда ўзаро ахборот алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари бу ерда ягона нуқтага жамланиб, тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин.

Ситуацион марказ эса хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибаларига асосланган замонавий ахборот технологиялари ва имкониятлардан, шунингдек, таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида божхона объектларини кенг миқёсда масофадан туриб бошқариш имконини беради. Муҳими, буларнинг барчаси божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига ҳамда тадбиркорнинг ташқи иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда олиб борилади.
Жорий йилги Давлат дастуридан келиб чиқиб ҳамда божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш, мақсадида бошқармада “Масофавий электрон декларациялаш божхона пости” синов тариқасида ишга туширилди.
Очилиш маросими бир гуруҳ божхона ходимлари учун қўшалоқ байрамга айланди. Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг шундоқ ёнгинасида божхона ходимлари учун хизмат уйи ҳам қуриб, фойдаланишга топширилди. Бу ерда 36 нафар божхона ходимлари замонавий ва қулай хонадонларда яшайди.
Тантанали тадбирда хизмат уйларининг калитлари ҳам янги хонадон соҳибларига топширилди.

Шунингдек, янги маъмурий бинонинг мажлислар зали илк тадбирга мезбонлик қилди. Бу ерда божхона тизимида узоқ йиллар хизмат олиб борган ва республикамизнинг турли нуқталаридан келган божхона фахрийлари билан божхона ходимларининг “Уч авлод учрашуви” ташкил қилинди.
Унда Давлат божхона қўмитаси Раиси Муроджон Азимов сўнгги йилларда тизимда Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган ўзгаришлар, соҳага татбиқ қилинаётган илғор ва инновацион технологиялар, эришилган ютуқ ҳамда натижалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Тизимда ислоҳотларни изчил ва самарали амалга оширишда, ёш авлодни Ватанга ва бурчига садоқат руҳида тарбиялашда божхона фахрийларининг кўп йиллик билим ҳамда тажрибасига таяниш лозимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида божхона фахрийларига Давлат божхона қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев,ЎзА