Нурафшон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Унда комиссия раиси Маҳмуд Болтабоев бошқарган йиғилишда округ ҳудудидаги участка сайлов комиссияларининг таркибини тасдиқлаш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Маълумки, шу кунларда Халқ депутатлари Тошкент вилояти туман ва шаҳар кенгашларининг сессиялари ўтказилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича участка сайлов комиссияси аъзолигига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилган номзодлар муҳокама этилиб, тегишли қарор қабул қилинмоқда.
Шундан келиб чиққиб, навбатдаги йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 22, 23-моддаларига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Унга кўра, ҳудудларда бўйича участка сайлов комиссияларининг таркиби тасдиқланди.

Таъкидланганидек, ҳудудларда сайловчиларга қулайлик яратиш, улар сонининг камида 20 нафар ва кўпи билан 3 минг нафардан ошмаган ҳолда бўлишига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозир Тошкент вилояти бўйича участка сайлов комиссияси аъзоларининг умумий сони 12 минг 733 нафар бўлиб, биринчи бор бундай сиёсий жараёнда қатнашаётгани 3 минг 700 нафардан ортиқни ташкил этмоқда. Улар орасида 8 минг 912 нафари илгари ҳам сайловлардан қатнашган фуқаролардир. Шунингдек, 7 минг 165 нафар аёллар, 1 минг 845 нафари 21-30 ёшдаги йигит қизлар, 215 нафари ҳуқуқшунослар, 5 минг 913 нафари педагоглар ва қолгани бошқа соҳа вакиллари 4 минг 870 нафардир.
Ўз навбатида сайлов комиссияси аъзолари таркиби шакллантирилганда кўп миллиатлиликка ҳам алоҳида эътибор берилди. Жумладан, 87 нафар қорақалпоқлар, 1 минг 557 нафар қозоқлар, 116 нафар руслар, 568 нафар тожиклар, 18 нафар корейслар ва 252 нафар бошқа миллат вакиллари ташкил этмоқда.

Муҳокамаларимиз давомида комиссия аъзоларга қўйилган талаблар, уларнинг вазифалари қандай бўлиши кераклигига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – дейди 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси М.Болтабоев. – Қонунда белгиланган талаблар бўйича вилоят ҳудудидаги 988 та сайлов участкаси бўйича комиссиялар таркибини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилдик. Комиссия таркиби тоқ қилиб шакллантирилган. Айниқса, ҳозирги пандемия даврида айрим аъзолар саломатлиги ёмонлашадиган бўлса, улар ўрнини тўлдириш имкони бўлишини ҳам ҳосибга олганмиз. Эътиборлиси уларнинг барчаси сайлов қонунчилигидан хабардорлиги текширилган.
Йиғилишда сайлов жараёнини қонуний, адолатли, холис ва юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ташкилий ишларга эътибор қаратилди.
А.Мусаев, ЎзА