Тошкент вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди.
Байрам кечасига жамият ҳаётидаги турли соҳаларда фаолият кўрсатиб келаётган ташаббускор ва фаол хотин-қизлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёллар, шунингдек, Мўйноқ туманидан таклиф этилган онахонлар иштирок этди.
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев сўз олиб, мунис аёлларни, латофатли қизларни нафосатли байрам билан самимий табриклади. Оила, жамият устуни, ҳаётимизнинг файзи ва кўрки бўлган хотин-қизларни эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун азал-азалдан буюк қадрият бўлиб келганини алоҳида таъкидлади.
Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори вилоятда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда. Қарорда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш, қонуний манфаатларини ҳимоялаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб чора-тадбирлар белгиланди. Шунга асосан ўтган йилда кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 180 нафар ногирон ҳамда ёлғиз оналар ва боқувчисини йўқотган аёлларга арзон уй-жой ажратиш бўйича шартномалар имзоланиб, бошланғич тўловлар учун 3 миллиард 114 миллион 600 минг сўм маблағ ажратилди. 10 минг 763 нафардан зиёд тадбиркор аёлларга 264 миллиард 893 миллион сўм кредит маблағлари берилди.
Шунингдек, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, 32 минг 737 нафар аёлларнинг бандлиги таъминланди. Қайд этилганидек, ҳозир Тошкент вилоятида 2 миллион 992 минг 379 киши яшаётган бўлса, уларнинг 1 миллион 493 минг 951 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳудуд аёллари бугунги кунда турли соҳаларда, жумладан, раҳбарлик лавозимида 3 минг 865 та, тадбиркорлик соҳасида 7 минг 446 та, маҳалла раиси лавозимида 178 та прокуратура соҳасида 14 та, суд идораларида 51та, ички ишлар тизимида 126 та, тиббиёт соҳасида 48 мингта, қишлоқ хўжалиги соҳасида 22 минг, давлат идораларининг турли йўналишларида 27 минг, таълим соҳасида 30 минг нафардан ортиқ хотин-қизлар фаолият юритмоқда.
Таълим соҳасида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларнинг 21 нафари фан доктори, 47 нафари фалсафа доктори, 24 нафари профессор, 43 нафари доцент илмий унвонларига эга. Бундан ташқари сиёсий жараёнларда фаол бўлган аёлларимиздан 6 нафари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 1 нафари Сенатор, 160 нафари Маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари сифатида фаолият кўрсатмоқда.
Тадбирда фаолиятида ташаббускорлиги, интилувчанлиги билан бошқаларга ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизларга "Мўътабар аёл" кўкрак нишони топширилди.
А.Мусаев, ЎзА.