French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент VI халқаро марафонида ногиронлиги бўлган шахслар ҳам иштирок этди
20:37 / 2024-04-20

Мамлакатимизда BYD Tashkent VI xalqaro марафони бўлиб ўтмоқда. Унда Адлия вазирлигининг “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар оммавий югуриш мусобақасига жалб қилинди.

Иштирокчилар рўйхати Ўзбекистон ногиронлар жамияти томонидан тақдим этилган номзодлар ҳисобига шакллантирилди.

Марафонда иштирокчилар ўртача 150 – 500 минг сўмгача бадал тўлаб иштирок этган бўлса, имконияти чекланганлар унда бепул қатнашди.  

Кўришда ва эшитишда нуқсони бор ҳамда бошқа турдаги жисмонан имконияти чекланган шахслар икки турдаги номинация бўйича ғолиблик учун курашди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш вазирликнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шунга кўра, вазирлик Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

Лойиҳа доирасида вазирлик томонидан бугунги кунга қадар кўплаб йирик ижтимоий тадбирлар ўтказилди.

Марафон натижаларига кўра, ногиронлиги бўлган шахслардан аёллар ва эркаклар тоифалари бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга қимматбаҳо совғалар улашилди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА