Кино санъати - бу инсон тафаккури, ҳис-туйғуси ва ҳаётий воқеликни тасвирий ифода этишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири. У нафақат кўнгилочар соҳа, балки халқлар ўртасида маданий мулоқот, ҳамжиҳатлик ва ўзаро англашувни чуқурлаштирувчи кучли маданий кўприк сифатида аҳамият касб этади.
Шу маънода, кинофестивалларнинг ўтказилиши нафақат янги фильмларни намойиш этиш имконини яратади, балки мамлакатлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Жорий йилнинг 7-9 ноябрь кунлари Тошкентда ва 12 ноябрь куни Термизда бўлиб ўтадиган X Европа кинофестивали ҳам шундай муҳим маданий воқеалардан бири ҳисобланади. Фестиваль Европа ва Ўзбекистонни кино тили орқали янада яқинлаштиришни мақсад қилган.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизмати раҳбари Малика Мусаеванинг маълум қилишича, ушбу йил фестиваль ўзининг 10 йиллигини нишонламоқда. Бу, ўз навбатида, Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий мулоқотнинг изчил ривожланаётганидан далолат.
–Дастурга 12 та Европа давлатидан танланган фильмлар киритилган бўлиб, улар орасида лирик драмалар, инсон ўзлигини англаш ҳақидаги илҳомлантирувчи ҳаётий ҳикоялар, туйғулар ва танловлар акс этган асарлар ўрин олган. Шунингдек, испан рақси санъати ихлосмандлари учун Испаниянинг машҳур “Aire Nuevo Danza” гуруҳи томонидан классик ва замонавий рақслардан иборат ёрқин саҳна кўрсатувлари намойиш этилади. Бундан ташқари, Франция Альянси ташаббуси билан Гёте институти ва Ўзбекистон Кино ихлосмандлари уюшмаси ҳамкорлигида “Авлодлар” мавзусида ҳаваскор қисқа метражли фильмлар намойишлари ўтказилади. Бу орқали ёш истеъдодларга ўз ижодини кенг жамоатчиликка тақдим этиш имконияти яратилади. Фестиваль Европа Иттифоқининг мамлакатимиздаги делегацияси томонидан ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчихоналари ҳамда Кинематография агентлиги кўмагида ташкил этилмоқда, – деди М.Мусаева.
Фестиваль доирасида барча намойишлар бепул бўлиб, фильмлар оригинал тилда, ўзбек ва рус тилидаги субтитрлар билан тақдим этилади. Бу эса томошабинларга Европа кино санъатининг гўзаллиги ва мазмун теренлигини асл кўринишида ҳис қилиш имконини беради.
Таъкидлаш керакки, кинофестиваль нафақат экрандаги воқеа, балки қалбдаги туйғулар, халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг рамзидир.
Шу маънода, X Европа кинофестивали Ўзбекистонда Европа маданиятига бўлган қизиқишни янада оширади ва янги ижодий ҳамкорликлар учун кенг йўл очади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА