Пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигидаги делегация Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида бўлиб, "Душанбе – МДҲнинг маданий пойтахти-2021" тадбири очилиш маросими ҳамда "Наврўз – Душанбе – маданий ва сайёҳлик алоқалари платформаси" II Халқаро форумида иштирок этди.
Тожикистон Президенти Ижро этувчи Девонининг меҳмонхоналар мажмуасида Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамда Тожикистон Республикаси Мажлиси Олий Мажлиси раиси, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида азалий дўст ва қўшни халқларимиз ҳамда икки пойтахт ўртасида турли соҳалардаги муносабатларни ривожлантириш, ҳамкорликда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

Рустам Эмомали Ўзбекистон пойтахти ҳокими бошчилигидаги делегация илк бор Тожикистонга ташриф буюрганини қайд этаркан, ўзбек халқини Шарқона йил боши, янги кун – Наврўз билан табриклаб, Ўзбекистон томони билан барча жабҳаларда ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.
Ўз навбатида Тошкент шаҳри ҳокими ҳар икки томоннинг ютуқларини эътироф этиб, ўзаро тажриба алмашиш ижобий натижаларимизни оширишда муҳимлигини таъкидлади.
Учрашувдан сўнг Ўзбекистон делегацияси аъзолари ичимлик ишлаб чиқарувчи, гранит тош ва мармарни қайта ишловчи корхоналар фаолияти билан танишдилар, Душанбедаги кўп қаватли уйлар қурилишини кўздан кечирдилар.

Ташриф давомида томонлар маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилган уй-жойлар режаси ҳамда Ўзбекистондан қурилиш материаллари етказиб бериш борасида фикр алмашди. Бундан ташқари, юртдошларимиз пойтахтдаги Теннис саройи, Сув спорти мажмуаси, Коҳи Наврўз маданий-кўнгилочар мажмуаси ҳамда Тожикистон Миллий музейида ҳам бўлдилар.
Душанбе шаҳри мэриясида мамлакатимизда фаолият олиб бораётган “Grand Road Tashkent” МЧЖ ҚК ва Душанбе шаҳрининг транспорт, йўл ва кўприкларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича масъул мутахассислари иштирокидаги мулоқот давомида тожик томони ер усти метросини қуриш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирди.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги
матбуот хизмати