Қозоғистонга амалий ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Aбдулла Арипов Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси Aдилбек Қосималиев билан учрашди.
Евросиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида кечган мулоқот давомида давлатлараро муносабатлар, шунингдек томонларни қизиқтирган турли йўналишлар бўйича изчил ривожланишининг юқори суръати алоҳида қайд этилди. Иқтисодий ҳамкорлик, хусусан ўзаро товар айирбошлаш миқдори мунтазам ўсаётгани, маҳсулотлар тури кенгайиб боряётгани, экспорт ва импорт ҳажми ортаётгани таъкидланди.
Мамлакатимиз ҳукумати раҳбари қирғизистонлик ҳамкасбини ушбу лавозимга тайинлангани билан қутлаб, масъулиятли давлат вазифасини бажаришида муваффақият тилади. Ўзбекистонга ташриф буюриш, жумладан 4-Тошкент инвестиция форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий алоқани ривожлантириш, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга ошириш, транспорт-логистика соҳасидаги шерикликни мустаҳкамлаш сингари Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Сув-энергетика, саноат кооперацияси, маданий-гуманитар йўналишларга доир мавзулар эътибор марказида бўлди.
Икки давлат ҳукумат раҳбарлари барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, ўзаро дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришга тайёр эканликларини билдирди.
ЎзА