Пойтахтимиз Тошкентда “Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида савдо салоҳиятини кенгайтириш: қўшма тадқиқотлар ва стратегик ечимлар” мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда ташкилотга аъзо давлатларнинг етакчи таҳлилий марказлари мутасадди-раҳбарлари, мутахассислари иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 6ноябрда Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида илгари сурган ташаббуси доирасида ТДТ Бош котибияти билан ҳамкорликда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан ташкил этилди.

Анжуманнинг асосий мақсади туркий давлатлар ўртасида барқарор савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо тўсиқларини бартараф этиш бўйича ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш, ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақа иқтисодиётининг рақобатбардошлигини оширишдан иборат бўлди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов таъкидлаганидек, Марказий Осиёнинг марказида бўлганимиз учун бизда билимларни бирлаштириш ва туркий маконда иқтисодиётимизни янада интеграциялашган ва рақобатбардош қиладиган кучли шерикликларни яратиш учун ноёб имконият бор.

– Биз нафақат хавфларни, балки ўсиш нуқталарини ҳам муҳокама қилдик, – деди Обид Ҳакимов. – Иқтисодиётларимиз олдида турган қийинчиликлар бир вақтнинг ўзида янги истиқболларни очади. Бу таҳлилий марказларнинг биргаликдаги иши бизга билим, ўзаро манфаатдорлик ва аниқ ечимларга асосланган интеграцияни қуриш имконини беради.
Муҳокамаларда глобал беқарорлик фонида туркий минтақа иқтисоди олдида турган муаммолар муҳокама қилинди.

Транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, жумладан, "Ўрта коридор"ни ривожлантириш, савдони рақамлаштириш, савдо чекловларини олиб ташлаш, экологик барқарорлик ва энергетика секторини ўзгартириш, шунингдек, Туркий инвестиция жамғармаси орқали янги молиявий воситаларни ишлаб чиқиш асосий йўналишлардир.
Қайд этилганидек, Ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йилдан буён 2,7 баробарга ўсиб, 36,7 миллиард долларни ташкил этди. ТДТда иштирок этувчи ва кузатувчи давлатларнинг умумий ташқи савдо айланмаси 2024 йилда 1,2 триллион доллардан ошди ва номинал ЯИМ жаҳон миқёсидаги 1,91 фоизни ташкил этди. Бу эса 2,1 триллион долларга тенг (харид қобилияти паритети бўйича – 5,6 триллион доллар).
Анжуман иштирокчилари тўртта сессия давомида савдони ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари, рақамли инновациялар, инфратузилма ташаббуслари ва барқарор ривожланиш муаммоларини муҳокама қилди.
Анжуман натижалари бирлашган ҳудудий ҳамжамиятларнинг таҳлилий марказлари ўртасидаги институционал ҳамкорликнинг янги босқичи учун бошланғич нуқта бўлади. Шунингдек, тақдим этилган материаллар янги иқтисодий стратегияларни ишлаб чиқиш ва туркий дунё доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун асос бўлиши кутилмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА