Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент тумани ва пойтахт агломерацияси ҳудудлар ривожига йўл очади
15:46 / 2026-02-18

Президент топшириғи амалда

Охирги йиллар Тошкент туманида ҳудудий ривожланиш, инвестициявий фаоллик ва ижтимоий инфратузилмани такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳалар босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Хусусан, “Тошкент тумани ва Тошкент шаҳри агломерацияси” мавзусида ташкил этилган пресс-турда журналистлар ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари, йирик инвестиция ва ижтимоий лойиҳалар билан танишди.

Дастлабки манзил Боғизилол маҳалласи ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган замонавий соҳилбўйи лойиҳаси бўлди. Унда туман ҳокими Сардорбек Эргашев ҳам бевосита иштирок этиб, ҳудудда амалга оширилаётган йирик лойиҳалар юзасидан атрофлича маълумот берди.

Қайд этилганидек, бу ташаббус туман ривожининг янги драйверига айланиши кутилмоқда. Лойиҳа доирасида соҳил бўйлаб 5 километр масофани қамраб олган замонавий сайилгоҳ барпо этиш режалаштирилган. Мазкур ҳудуд нафақат дам олиш маскани, балки соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи, жисмоний фаоллик ва маънавий оромни уйғунлаштирувчи замонавий жамоат макони сифатида шакллантирилади.  

Жойларда сайр йўлаклари, очиқ ҳаводаги машқ майдонлари оилалар учун қулай бўлиши билан лойиҳанинг асосий концепциясини белгилайди. Ушбу ташаббус соҳил ҳудудини жозибали ижтимоий маконга айлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, Ҳасанбой маҳалласи ҳудудида замонавий таълим муассасаларини барпо этишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Мазкур объект давлат муассасаси сифатида фаолият юритиши режалаштирилган бўлса-да, қурилиш ишлари хусусий сектор вакили — “BIG TRIP SERVIS” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириляпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 14 миллиард сўмни ташкил этиб, унинг доирасида 260 ўринли мактабгача таълим муассасаси ҳамда 1 минг 50 ўринли умумий ўрта таълим мактаби барпо этилиши режалаштирилган. Янги таълим масканлари замонавий талаблар асосида қурилиб, маҳалла аҳолиси, айниқса, ёш авлод учун сифатли таълим ва тарбия олиш имкониятларини кенгайтиради.

[gallery-27725]

Шу билан бирга, 2,3 гектар ҳудудда замонавий агро-эко туризм боғи ҳам ташкил этилмоқда. У миллий анъаналар, табиий муҳит ва инновацион қишлоқ хўжалиги технологияларини уйғунлаштирган ҳолда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун ўзига хос дам олиш маскани бўлади. Бу жойда экологик тоза маҳсулотлар асосида фаолият юритувчи овқатланиш зоналари, сув тежамкор технологияларга асосланган замонавий гидропоника парниклари, миллий спорт анъаналарини тарғиб қилувчи камон отиш майдони, хавфсиз болалар майдончаси, мини-зоопарк қурилади.  

Пресс- тур давомида ОАВ вакилларига "Oson Ijara" — Ўзбекистондаги илк ижара уйи лойиҳаси ҳам кўрсатилди. Мутахассислар айтишича, бу замонавий турар жой бинолари пухта ўйланган интерьер, кундалик ҳаёт учун зарур мебель ва техника, 24/7 қўриқлаш ва видеокузатув, қўшимча сервислар — тозалаш ва техник хизмат уй-рўзғорга ёрдам бериши билан аҳамиятлидир. Муҳими, аҳоли учун метро томон ва орқага бепул йўналишли автобус хизмати йўлга қўйилган. "Oson Ijara" қарийб 4 гектар майдонни эгаллаган парваришланган яшил ҳудуд билан ўралган бўлиб, дам олиш учун қулай муҳит бўлади. Бу ерда табиат ва замонавий инфратузилма уйғун тарзда жамланган.

— Маълумки, Президентимиз 2024 йил 14 октябрь куни Тошкент вилоятига  ташрифи чоғида Тошкент туманидаги бунёдкорлик ишлари, аҳоли ҳаёти ва янги лойиҳалар билан танишган эди,  — дейди Тошкент туман ҳокими Сардорбек Эргашев. — Ўшанда ҳудудни пойтахт билан агломерация усулида боғлаш бўйича топшириқ берилган. Шу асосида ўтган даврда кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Келес ҳудуди марказида замонавий кўп қаватли бинолар, ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасалари бунёд қилиш бошланди. Илгари самарали фойдаланилмаган ва маънан эскирган бинолар ўрнида энди янги лойиҳалар қилинмоқда.

Жумладан, соҳилбўйи инфратузилмаси, агро-эко туризм, таълим объектлари, талабалар тураржойи ва экспортбоп саноат корхоналари ўзаро уйғун ҳолда агломерация маконида иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилмоқда.

А. Мусаев, А. Алижонов(сурат), ЎзА