Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди
18:42 / 2024-06-07

Президентимизнинг жорий йил 22 январдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилди.

Бир йил давомида 20 та давлатдан жалб қилинган халқаро экспертлар иштирокида академиянинг фаолияти ўрганилди. Натижада барча мавжуд 10 та бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича, жами 19 та таълим дастурлари Бутунжаҳон тиббий таълим халқаро стандартларига мос деб топилди.

Тошкент тиббиёт академиясида Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги (IAAR) вакиллари иштирокида ушбу халқаро стандартларга мослик тўғрисидаги сертификатларнинг топшириш маросими бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, бундай муваффақият Академия ва унда таҳсил олаётган талабаларнинг имкониятини яънада кенгайтиради.

Тошкент тиббиёт академияси ректори вазифасини бажарувчи Шуҳрат Боймуродов ушбу имкониятлар, халқаро аккредитациядан ўтказиш жараёнлари ҳақида батафсил сўзлаб берди:

– Мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ва бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Келажагимизни бугунги кунда илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунингдек, давлатнинг келгуси равнақи айнан шу соҳада қўлга киритган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир. Президентимиз томонидан олий таълим тизимини ислоҳ қилишга оид имзоланган қатор фармон ва қарорларда халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар тайёрлаш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва бошқа кўплаб аниқ вазифалар белгилаб берилган.  

«Соғлиқни сақлаш соҳасида ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор шулар жумласидандир. Ушбу ҳужжатда айнан Тошкент тиббиёт академиясига таълим дастурларини халқаро аккредитациядан ўтказишдек ўта масъулиятли вазифанинг юклангани, унда фаолият юритаётган ҳар бир педагог, ҳар бир ходим учун ўз касбига бўлган эътибор ва ёндашувни янада кучайтирди.

Академиямизнинг барча бошқарув ҳамда ўқув жараёнини ташкил этувчи структура ходимлари ва барча таълим йўналишига дарс берувчи кафедралар, профессор ўқитувчилар ҳамда таҳсил олувчи талабалар билан суҳбат ўтказилиб, муносиб тарзда баҳоланди.

Академиямизнинг нуфузи, таълим сифатини белгиловчи муҳим омиллардан бири унинг халқаро аккредитациядан ўтганидир. Халқаро аккредитациянинг мақсади таълим дастурининг юқори сифатини Тиббий таълим бутунжаҳон федерацияси (WFМE) халқаро стандартларига мувофиқ баҳолаш ва тан олинишидир.

[gallery-17753]

Жорий йилнинг 1-3 май кунлари 10 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 9 та магистратура, клиник ординатура ва малака ошириш мутахассисликлари бўйича жами 19 та таълим дастурлари Таълим сифатини таъминлаш бўйича мустақил халқаро аккредитация ва рейтинг агентлиги (IAAR)нинг ташқи эксперт комиссияси томонидан халқаро аккредитациядан ўтказилди. Аккредитация жараёнида таълим дастурларининг WFME, олий таълимда сифатни таъминлаш Европа ассоциацияси (European Association for Quality Assurance in Higher Education – ENQA) халқаро стандартларига мувофиқлиги ҳар томонлама ўрганилди.  

Бугун, Тошкент тиббиёт академиясида мавжуд соғлиқни сақлаш соҳасига оид барча бакалавриат таълим йўналишлари жумладан, менежмент: соғлиқни сақлаш менежменти таълим дастурлари эътироф этилиб, халқаро аккредитация гувоҳномалари тақдим этилди ва улар тиббий таълимнинг аккредитация қилинган таълим дастурлари WFME Порталидан ўрин эгаллайди.  

Халқаро аккредитация академиямизнинг Eвропа ва жаҳон таълим маконида тан олинган мақомга эга бўлишини таъминлайди. Битирувчилар учун хорижнинг исталган университетида таълимни давом эттириш ва ишга жойлашиш учун лицензия олиш имкониятини яратади. Хорижий абитуриентлар ва талабаларнинг Тошкент тиббиёт академиясида ўқишга қизиқишини оширади. Энг асосийси, мақоми ва таълим сифатининг халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқлайди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА