ФОТОРЕПОРТАЖ
“Термиз халқаро аэропорти” МЧЖ ва Сурхондарё вилояти транспорт бошқармасининг ҳамкорликдаги лойиҳаси доирасида йўловчи ташиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Тошкент – Термиз йўналиши бўйича янги АТР 72-600 русумли самолёт қатнови йўлга қўйилди.
Бугун, 2 май санасида маҳаллий вақт билан соат 08:30 да “SILK AVIA” минтақавий миллий авиакомпаниясига тегишли бўлган самолёт Тошкент-Термиз йўналиши бўйича Термиз халқаро аэропортига келиб қўнди. Аэропорт перронида бортни кенг жамоатчилик вакиллари, журналист ва блогерлар, авиаспоттерлар қарши олди.
Таъкидлаш жоиз, 70 кишилик АТР 72-600 дунёдаги энг машҳур қисқа масофали самолётлардан бири ҳисобланади. Airbus A320 га нисбатан тўрт баравар кам ёқилғи сарфлайдиган хавфсиз, тежамкор ва арзон ушбу ҳаво кемаси йўловчиларга ҳамёнбоп нархда ишончлилик ва қулайликни тақдим этади. АТР 72-600 нинг парвоз масофаси 1500 километр, баландлиги эса 6000-7000 километрни ташкил қилади.
[gallery-11709]
Ҳозирги вақтда транспорт ва инсон ҳаётини айро тасаввур этиб бўлмайди. Ҳаётимизни осонлаштиришга хизмат қилувчи бундай замонавий транспорт воситалари аҳолининг узоғини яқин қилибгина қолмай, вақтини тежайди ҳамда ортиқча харажат ва сафар ноқулайликларидан халос қилади.
Эслатиб ўтиш керак, “SILK AVIA” биринчи минтақавий лоукостер авиакомпаниясини ташкил этиш Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 26 октябрдаги “Республикада маҳаллий авиақатновларни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган эди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА