Жорий йил 15 май куни Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда масъулларга Тошкент шаҳридаги мактабларда таълим сифатини ошириш бўйича муҳим топшириқлар берилган эди.
Шунга кўра, эндиликда пойтахтимиздаги мактабларда топшириқ асосида керакли чора-тадбирлар қилинмоқда. Хусусан, Бектемир туманидаги 358, Миробод туманидаги 154, М.Улуғбек туманидаги 121, Олмазор туманидаги 16, Сергели туманидаги 266, Учтепа туманидаги 4, Чилонзор туманидаги 200, Шайхонтоҳур туманидаги 84, Юнусобод туманидаги 88, Яккасарой туманидаги 73, Янгиҳаёт туманидаги 332 ҳамда Яшнобод туманидаги 339-сонли мактабларда синф хоналари таъмирланади, робототехника ва ВР-реалити хоналари ташкил этилади.

Шунингдек, физика, кимё, биология ва информатика лабораториялари замонавий жиҳозланади, спорт анжомлари, бадиий адабиётлар ва кўргазмали жиҳозлар харид қилинади.
Ўқитувчилар танлов асосида сараланиб, илғор методлар асосида дарс беришига аълоҳида аҳамият қаратилади. Ўқитувчиларга дарс жараёнида ўқувчиларни қизиқтира олиш даражаси ва уларнинг ўзлаштириш кўрсаткичлари асосида иш самарадорлиги баҳоланади ҳамда шу мезонларга кўра қўшимча ҳақ тўлаш тизими жорий этилади.
Шунингдек, халқаро баҳолаш дастурлари PISA, TIMSS, PIRLS ва STEAM таълим стандартлари жорий қилинади.
Мактаб ўқувчиларининг овқатланиши эса туман бюджети ҳисобидан молиялаштирилади.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу лойиҳа таълимни янги босқичга олиб чиқиб, ўқувчиларга чуқур билим бериш, сертификатлар олиш ва олийгоҳларга тайёргарлик кўришда катта имконият яратади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА