Пойтахтимиздаги “Magic City” истироҳат боғи ҳудудида Савдо-саноат палатаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан анъанавий “Тошкент сувенирлари” кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди.
Маълумки, юртимизга ташриф буюраётган сайёҳлар, меҳмонлар ҳар бир зиёрат қилган жойларидан эсдалик совғаларини харид қиладилар. Маҳаллий ҳунармандларимиз қўли билан ясалган, Ватан ифорини таратиб, юртимиз гўзаллигини, бетакрорлигини ёдгорлик совғасида акс эттирадиган сувенир совғасини туҳфа этиш – бир томондан туризмни ривожлантиришга омил бўлса, иккинчи томондан маҳаллий ҳунармандларимизни янада қўллаб-қувватлашга ҳисса қўшиши аниқ.
Уста-ҳунармандларимиз томонидан сувенирларнинг ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш ва оммалаштириш юртимизга келган меҳмонлар ҳамда сайёҳларнинг эҳтиёжларини ўрганиш ҳамда “Уста-шогирд” мактабларини ривожлантириш ва янги иш жойларини яратиш имконини беради.
“Тошкент сувенирлари” кўргазма-савдоси ҳунармандчиликни янада ривожлантириш, ишлаб чиқарган сувенир турларини кенгайтириш ва уларнинг оммабоплигини аниқлаш, сифат ва дизайни устида иш олиб бориш, чет эллик меҳмонларнинг маҳсулотларга бўлган талаб ва эҳтиёжларини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга. Тадбир, айниқса ёшлар ўртасида номоддий маданий меросимизнинг аҳамияти ва уни сақлаб қолиш хусусида тушунтириш ишларини олиб бориш, миллий ва халқаро даражадаги сувенирларни тарғиб қилиш, фикр ва тажриба алмашиш учун замин бўлади.
Тадбир давомида ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси ташкил этилди. Унда 100 нафарга яқин энг моҳир ҳунармандларнинг ноёб асарларини томоша қилиш билан бирга, маҳсулотларини харид қилиш имкони бўлди. Бу асарлар табиий маҳсулотлардан қўлда тайёрланган бўлиб, унда ҳунарманднинг қалб қўри, кўз нури ҳамда халқимизнинг орзу-истаклари ва минг йиллик анъаналари мужассам.
Кўргазма-савдода иштирокчилар маҳорат дарсларини кузатиш ва бевосита иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, меҳмонлар ўз қўллари билан лойдан кўза ясашди, ипакдан мато тўқиб, дўппига нақш беришди ҳамда бешик ясаш жараёнларида бевосита иштирок этишди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/tzDxMAZmU30?si=zb_dq72L9-s3_9hE" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Гулноза Бобоева,
Аброр Содиқов(видео),
ЎзА