Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрининг бош режаси қачон ишлаб чиқилади?
17:41 / 2022-06-15

Бугунги кунда мамлакатимизда 120 та шаҳар ва 1080 та шаҳарча мавжуд. Мазкур шаҳарлар 98 фоизининг бош режалари ишлаб чиқилган.

Бундан ташқари қишлоқ жойларидаги аҳоли пунктларининг 30 фоизи меъморий режалаштириш лойиҳалари билан таъминлаган. 

Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича уч йиллик дастури асосида 214 та маҳалла бош режаси такомилига етказилди. Бу кўрсаткич жорий йилда яна ортади. Гап шундаки, 108 та маҳалла фуқаролар йиғинлари бош режалари шу йилнинг охирига қадар якунига етказилади. Бу жараёнларда, албатта жамоатчилик фикри ўрганилади ва инобатга олинади.  

Аммо бугунги глобал иқтисодий, ижтимоий шароит, жаҳон қурилиш индустриясининг тобора тараққий этиб бориши, олдимизга яна кўплаб вазифаларни кўндаланг қўймоқда. Талаб ва эҳтиёжлар ортиб бораётгани, урбанизация жараёнларининг ривожланиши, аҳоли учун қулай бўлган шаҳар инфратузилмасини янада яхшилаш вазифаларини кун тартибига олиб чиқмоқда. 

Шундан келиб чиққан ҳолда бугун нафақат маҳаллий мутахассислар балки, хорижий экспертлар, урбанист ва архитекторларнинг иш тажрибасидан фойдаланган ҳолда, бевосита уларни таклиф қилиб, ҳамкорликда лойиҳалар ва режалаштириш ишлари олиб бориляпти. Масалан, Туркия билан ҳамкорликда “Ҳаёт лаборатория”си ташкил этилиб, унда замонавий дастурлар бўйича шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда, геоахборот тизими асосида кадрларнинг малака ва кўникмаси оширилмоқда. Жумладан, Янги Тошкент, Янги Наманган ва Янги Олмалиқ шаҳарларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари айни кунларда такомилига етказиляпти. 

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Корея корпорацияси томонидан Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида “SMART CITY”, яъни ақлли шаҳар ташкил этиш бўйича мастер режа ишлаб чиқилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг “ALMATYGENPLAN” ҳамда Туркистон вилоятининг Шаҳарсозлик ва архитектура бошқармалари билан тажриба алмашиш йўлга қўйилган.

Президентимизнинг 2017 йил 2 майдаги “Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган 26 та минтақавий етакчи лойиҳа-қидирув ташкилотлари 20 мингдан кам бўлган аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган. Бу борадаги ишлар Қурилиш вазирлиги томонидан қатъий назоратга олинган. 

– Пойтахтни мегаполис қиёфасига келтириш учун замонавий архитектура ва илғор инновацион ечимларни амалда қўллаш муҳим, – дейди Қурилиш вазири ўринбосари Жалол Арашов. –. Шу маънода, “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонасида Тошкент шаҳрининг бош режасини тайёрлаш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилган.

Ҳозирда 2041 йилга мўлжалланган Тошкент шаҳар бош режаси асосида ишлар амалга ошириляпти. Бу борада Голландия, Туркиядан мутахассислар жалб этилган. Пойтахт қурилишида инфратузилма, транспорт, логистика, яшил ҳудудлар, бино ва иншоотлар жойлашувида шаҳарсозлик нормалари, бунда ривожланган давлатлар тажрибаси каби турли хил қарашлар илмий асосда амалиётга интеграция қилинмоқда. 

Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, шаҳар, шаҳарчалар ва қишлоқ (овуллар) МФЙ аҳоли пунктларининг бош режалари ва бошқа шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш харажатлари учун 200 миллиард сўм маблағ ажратилди. 

Бу маблағни 28 та шаҳар ва шаҳарча, 108 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш, жами 31 та “Янги Ўзбекистон” массивларининг қурилиш лойиҳаларини амалга оширишга йўналтириш мақсад қилинган. 

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ижроси юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда республика аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари, ижтимоий-маиший, йўл ва транспорт объектлари, шунингдек, муҳандислик инфратузилмаси билан таъминланганлиги хатловдан ўтказилди. 

Унга кўра, 2023-2027 йилларга мўлжалланган дастур лойиҳаси тайёрланди ҳамда аввал ишлаб чиқилган 17 та Тошкент шаҳрининг бош режасига тузатиш киритиш, 292 та шаҳарчаларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш, 649 та қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари ва режалаштириш лойиҳаларини тайёрлаш дастурга киритилди. 

Қурилиш вазирлиги масъулларининг маълум қилишича, қисқа даврда шаҳарларни 100 фоиз, шаҳарчаларни 48 фоиз, қишлоқ аҳоли пунктларини эса 40 фоиз шаҳарсозлик ҳужжатлари билан таъминлаш кўзда тутилган.  

Бундан ташқари, 2018-2022 йилларда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида жами 1944 та маҳалланинг бош режа схемалари ишлаб чиқилди ва бу чора-тадбирлар бугун ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА