Тошкент аҳолиси энг тез ўсиб бораётган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Эътиборли жиҳати шундаки, сўнгги йилларда пойтахтимизда бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.
Хусусан, шаҳарда халқаро ишбилармонлик марказлари, замонавий тура-жойлар, супермаркет, гипермаркетлар бунёд этилди. Шоҳ кўчалар кенгайтирилиб, шаҳар транспорт ҳаракатининг янги тури – йўл усти метроси қурилди. Ҳали яна қанчадан-қанча янги иншоотлар барпо этилиши кўзда тутилган. Аммо шуни ҳам айтиш ўринлики, ҳанузгача Тошкент шаҳрининг бош режаси йўқ.
“ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси Шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича бош директор ўринбосари Саидазим Шариповнинг қайд этишича, бугунги кунда “ТошкентбошпланЛИТИ” ДУК томонидан Тошкент шаҳрининг бош режаси концепцияси 3D форматда тайёрланмоқда. Туркия компанияси мутахассислари ҳамда маҳаллий мутахассислар уни яратиш устида иш олиб бормоқда. Ҳозирда жараён давом этмоқда.
– Бош режа ишлаб чиқилганидан кейин жараён тугади, деб бўлмайди. Чунки, ҳаёт давом этади, инсонларининг талаби ўзгаради. Шаҳарлар ривожланиб боргани туфайли доимий равишда бош режа янгиланиб бориши керак. 2022 йилнинг сўнгига қадар Бош режанинг бир қисмини тугатиш режалаштирилган. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг белгиланган чегараси ичидаги барча ҳудудларнинг лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Бош режада нафақат Тошкент чегарасининг ичи балки атрофидаги ҳудудларнинг ҳам ривожланиши назарда тутилган бўлиб, тахминан 44 минг гектар ажратилган. Пойтахтимизнинг бош режасини ишлаб чиқиш учун “ТошкентбошпланЛИТИ” давлат унитар корхонаси қошида Ҳаёт лабораторияси ташкил этилган. Бу лаборатория бош режани 4-5 йилга эмас, балки 50 йилгача бўлган узоқ муддатни инобатга олиб ишлаб чиқмоқда.
Шуни ҳам айтиш жоиз, бош режани ишлаб чиқишда ҳозирги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда ишланмоқда. Яъни мавжуд жиҳатларни ўрганиб, таҳлил қилган ҳолда тўғри жойлашганми, йўқми аниқлаяпмиз. Албатта, бу жараёнда нотўғри жойлашган қурилишлар ҳам бўлади. Буни Қурилиш вазирлиги аниқлаб, тегишли чораларни кўрмоқда.
Тўғри, сўнгги йилларда жуда кўп қурилишлар бўлди. Бош режада мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, барчага қулай ҳолатни таклиф қиламиз. Ҳудудларни ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилган. Унда ҳудудларнинг ривожланиш функцияси белгилаб берилади. Бу 2023 йилдан бошлаб шаҳарда қурилиш бошланади, дегани эмас. Қурилиш бундан олдин ҳам бўлган бундан кейин ҳам давом этади. Фақатгина қурилиш бўладиган ҳудудлар қайси йўналишга, вазифага қаратилган бинолар бўлиши белгиланади.
Тасаввур қилайлик, пойтахтнинг бош режаси 2023 йил охирида тугатилди. 2024 йилнинг бошига келиб, бир йил олдинги маълумот эски бўлади. Бу замон талабига жавоб бермайди. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкин, мукаммал тугалланди, деган нарса йўқ. Бош режанинг асосий қисми тугатилади. Умумий қисми яъни вазифаси, бинонинг баландлиги, функцияси аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, қайси ҳудудда қанча турар-жой мажмуаси бўлиши, қанча савдо мажмуаси қад ростлаши белгилаб берилади. Аммо, ҳар беш йилда шу лойиҳа қайта кўриб чиқилади.
Бир сўз билан айтганда мутахассислар томонидан ишлаб чиқилаётган Тошкент шаҳрининг бош режаси халққа очиқ бўлади. Бунинг натижасида, ҳар ким ўз ҳудудида келгусида қандай бино ва иншоот қурилиши ҳақида маълумотга эга бўлади. Энг муҳими, Тошкент шаҳрининг бош режаси ишлаб чиқилса, пойтахтимизнинг ҳар бир ҳудуди рақамлаштирилади. Натижада, шаҳарнинг қайси ҳудудида нима борлиги, қурилган ва қурилиши режалаштирилган иншоотлар тўғрисида халққа маълум бўлади, – деди Саидазим Шарипов.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/snxnqNN9J84" title="Тошкент шаҳри Бош режасининг бир қисми 2022 йил охиригача якунланади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири