Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрининг 400 километр квадрат майдонида аэрокосмик суратга олиш ишлари бажарилди
16:56 / 2025-07-23

Миллий матбуот марказида Кадастр агентлигининг Республика аэрогеодезия маркази томонидан жорий йилнинг 6 ойи давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда қайд этилишича, Республика аэрогеодезия маркази давлат геодезия пунктларини ишчи ҳолатда сақлаш, давлат топографик хариталарини яратиш ва янгилаш, қўшни давлатлар билан чегараларда амалга оширилаётган делимитация ва демаркация ҳукуматлараро комиссияларга геодезия маълумотлари ва картографик маҳсулотларни тайёрлаш, маъмурий-ҳудудий чегараларига аниқлик киритиш, чизма ва тавсифларини тайёрлаш, маъмурий-ҳудудий бирликлар давлат реестрини юритиш, қишлоқ хўжалик ерлари хариталарини тайёрлаш ва ер ресурсларини хатловдан ўтказиш, маълумотлар базасини янгилаш, республика ҳудудини аэросуратга олиш ва ортофотопланлар билан барча иқтисодиёт тармоқларини таъминлаш вазифаларини амалга ошириб келмоқда.

Президентимизнинг 2022 йил 20 октябрдаги ПҚ-405-сон қарорига асосан жорий йил 6 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Миллий координаталар тизимини жорий этиш бўйича Навоий ва Бухоро вилоятлари ҳудудида 1200 та пунктда GPS ўлчов ишлари амалга оширилди ва пунктлар маълумотлари янгиланди.

[gallery-24431]

Доимий фаолият кўрсатадиган GNSS станциялар тармоғини кенгайтириш доирасида 15 та янги қурилган GNSS станцияларда геодезик ўлчовлар амалга оширилди.

Кадастр агентлиги томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан 6 ой давомида 90 минг кв.км майдонни аэрокосмик суратга олиш ишлари амалга оширилди. Тошкент шаҳрида 400 км.кв. майдонда аэрокосмик суратга олиш ишлари бажарилди.

Аэросуратлардан биринчи навбатда Давлат кадастрларини юритиш, республикамизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, ер ресурсларининг аниқ ҳисобини юритиш, давлат кадастрлари маълумотларини шакллантириш ва муҳандислик қидирув ишларида кенг фойдаланилмоқда.

Матбуот анжуманида қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойи давомида аэросуратлар асосида жами 40 минг 300 кв.км майдонда рақамли ортофотопланлар яратилди. Яратилган ортофотопланлар Давлат кадастрларини юритишда мудофаа мақсадларида, фавқулодда вазиятларни баҳолашда, топографик ва қишлоқ хўжалиги ҳамда бошқа турдаги хариталарни яратиш ва янгилашда, ҳудудлар ўзгаришининг картографик мониторингини юритишда, давлат кадастрлари маълумотларини янгилаш ишлари учун асос ҳисобланади.

Жорий йилнинг 6 ойида Давлат геодезия тармоғи пунктларининг 49 та ишчи марказлари ва реперлар ўрнатилди. Давлат геодезия пунктлари маълумотлари билан таъминлашни рақамли технология асосида амалга ошириш мақсадида аҳоли пунктларида 50 та доимий ишловчи GNSS CORS станциялари реал вақт режимида геодезия маълумотларини узатмоқда.

Бугунги кунда тадбиркорлик субъектларининг 1000 га яқин GPS геодезия ўлчаш воситалари реал вақтда ушбу станцияларга боғланиб лойиха қидирув ишларини бажариб келишмоқда ва ўзларининг сарф-харажатларни бир неча баробар қисқартиришга эришди.

Давлат топографик хариталарини яратиш ва янгилаш йўналишида йил бошидан буён 5 минг 400 кв.км. майдонда 1:10 000 маштабдаги топграфик хариталар Тошкент вилояти ва Хоразм вилоятлари ҳудудида яратилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2 300 кв.км. майдонда ва Бухоро вилояти ҳудудида 27 300 кв.км. майдонда 1:25 000 маcштабдаги рақамли топографик хариталар янгиланди.

Ш.Маматуропова, О.Пардаев (сурат), ЎзА