Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳридаги Пучон университетининг илк битирувчиларига диплом топширилди
10:00 / 2021-08-28

Бундан уч йил муқаддам Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги фармонига асосан, Тошкент шаҳрида Пучон университети ташкил этилган эди.

Жорий ўқув йилида ушбу олий таълим муассасасини 393 нафар талаба тамомламоқда. Бугун университетининг ана шу илк битирувчиларига диплом топшириш маросими ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазири Агриппина Шин, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, мамлакатимиздаги хорижий олий таълим муассасалари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, талабалар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди.

Тадбирда битирувчиларга тантанали равишда диплом топширилиб, уларнинг келгуси фаолиятига омад тиланди. Талабаларнинг ёрқин чиқишлари даврага ўзгача файз улашди.

Университетда Мактабгача таълим (кундузги ҳамда кечки бўлим), Корейс тили ва менежмент ҳамда Архитектура ўқитиш йўналишлари мавжуд бўлиб, битирувчилар Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат деб тан олинган, белгиланган намунавий Корея Республикаси Пучон университети, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Пучон университети дипломларини оладилар. Таълим муассасасидаги ўқув жараёни университетнинг Корея Республикаси Пучон университетининг профессорлари ҳамда мамлакатимизнинг етакчи педагоглари томонидан олиб борилади.

Шунингдек, Корейс тили ва менежмент факультетида «2+2» тизими бўйича таълим олган талабалар “Associate Bachelor degree” дипломларини олишади. Дастлабки икки йил давомида талабалар Тошкентдаги Пучон университетида таҳсил олиб, “Associate Bachelor degree” даражасини олади. Кейин эса талабаларга Кореядаги Пучон университетида ўқишни давом эттириш ёки Тошкентда ўқишни якунлаш имконияти берилади.

– “Associate Bachelor degree” даражасининг асосий афзаллиги шундаки, даража олган талабага кейинги таълимни танлаш имкони берилади, – дейди Агриппина Шин. – Талаба “Associate Bachelor degree” даражасига эришиш учун ўқишни давом эттириши ёки билим ва кўникмаларга эга бўлган соҳада иш бошлаши мумкин. Масалан, АҚШ, Канада, Австралия ва Буюк Британия каби мамлакатларда “Associate Bachelor degree” даражасига эга бўлган ёшлар ўз соҳасида фаолият юритиб, тажриба тўплаши мумкин. Жорий йилда ушбу йўналишда 90 нафар талаба ўқишни тамомлайди, улардан 23 нафари Кореяда ўқишни давом эттиради.

Моҳигул Қосимова, ЎзА