Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳридаги онкологик касалликлар ҳолати таҳлил қилинди
17:00 / 2026-02-26

Бугун бутун дунёда онкологик касалликлар ортиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Илмий тадқиқотларда бунга ҳаёт тарзимизда канцероген моддаларнинг кенг тарқалиши, глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат ва ичимлик суви таркибида сунъий қўшимчаларнинг кўпайиши ҳамда турли зарарли одатлар сабаб бўлаётгани айтилмоқда.

Статистик рақамлар мазкур соҳада юртимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар ва тизимли ишларга қарамасдан шу турдаги касалликлар ва у билан оғриётган беморлар сони ўсиб бораётганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан депутатлар ҳамда масъуллардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, онкокасалликларни таҳлил қилиш, тиббиёт муассасалари фаолиятини кўздан кечириш, масъул раҳбарлар ва тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилиш ҳамда реал ҳолатни аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда.  

Саволнома асосида олиб борилган таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида аёллар ўртасида онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг ишлари икки йўналишда — маммографик скрининг ва “онко-назорат” хоналаридаги клиник кўриклар орқали амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда шаҳар бўйича маммографик скрининг орқали 11 минг 688 нафар аёл қамраб олинган бўлса, “онко-назорат” хоналари орқали 120 минг 171 нафар аёл клиник кўрикдан ўтказилган.

Ўрганишларда Тошкент шаҳрида скрининг жараёнида касаллик аниқланган беморлар билан ишлаш тизими нисбатан барқарор йўлга қўйилган, деган хулосага келинди. Сабаби бундай беморлар Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига йўналтирилиб, чуқурлаштирилган диагностика, морфологик тасдиқ, консилиум ва комплекс даволаш давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Ўрганишларда тизимли ишлар билан бирга айрим камчиликлар ҳам кўзга ташланди. Масалан, деярли барча ҳудудларда кадрлар билан боғлиқ муаммо бор. Туман даражасида врач-онкологлар етишмаслиги, айрим “онко-назорат” хоналарида тўлиқ штат билан ишламаслик ҳолатларига гувоҳ бўлинди.

Ўрганишлар шуни ҳам кўрсатдики, “онко-назорат” хоналари фаолияти ҳудудлар кесимида бир хил эмас. Айрим поликлиникаларда клиник кўриклар фаол ўтказилаётган бўлса, айрим жойларда тиббиёт ходимларининг онкологик ҳушёрлиги ва скрининг кўрсаткичлари бўйича билимлари етарли эмас.

Халқ демократик партияси жойлардаги манзилли ўрганишлардан келиб чиқиб, депутатлар ваколати доирасида жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришни режалаштирган.

М.Комилова, ЎзА