Ойлик доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида «Энг яхши эксперт-криминалист» кўрик танлови ўтказилди.
Мамлакатимиз мустақиллиги шодиёналари олдидан юртимизда «Ватанпарварлик ойлиги» ўтказилмоқда.
Мусобақада бош бошқарма эксперт-криминалистика маркази ва ҳудудий эксперт-криминалистика бўлимларида хизмат қилаётган ходимлар иштирок этди.
Танлов уч босқичда ўтказилди. Биринчи шартда танлов иштирокчилари соҳавий хизмат, маънавий-маърифий йўналиш, жанговар ва хизмат тайёргарлиги бўйича тест синовларини топширди.
Кейинги шартда иштирокчилар «Калашников» автомати ва «Макаров» пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш бўйича ўзаро куч синашди. Якуний учинчи босқичда – ҳакамлар ҳайъати ходимлар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг билим ва кўникмаларини синовдан ўтказди.
Танлов натижаларига кўра, 1-ўрин Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эксперт криминалистика маркази бош эксперти, капитан Ғайрат Набиевга насиб этди.
Шоҳсупанинг иккинчи поғонасини Эксперт криминалистика маркази катта эксперти, майор Ҳамид Раҳимбоев эгаллади. 3-ўрин эгаси эса Мирзо Улуғбек тумани бўйича ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлими эксперти, катта лейтенант Арслон Мансуров бўлди.
Ғолиблар танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Ш.Неъматов, ЎзА