Давлатимиз раҳбари томонидан пойтахтимиз жамоат транспорти фаолиятини кучайтириш, энг оғир йўналишларга қисқа муддатда қўшимча автобуслар қўйиш, бунинг учун хусусий корхоналар автобусларини ҳам жалб этиш, уларга харажатларининг бир қисмини қоплаш учун давлат томонидан субсидия бериш бўйича топшириқлар берилган эди.
Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари автобуслар қатновига қўшимча қулайликлар яратиш, қатновлар тезкорлиги ва хизмат сифатини таъминлаш, ҳайдовчиларнинг ойлик маошларини ошириш бўйича қатор вазифалар белгиланган.
Бугунги кунда автобус саройларининг ҳайдовчилар билан таъминланганлик даражаси, ҳайдовчиларга қўйилаётган талаблар ва яратилаётган шароитлар, автобус йўналишларнинг оралиқ интервали қисқариши юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муслима Обидова қуйидагиларни гапириб берди.
– Жорий йилда 420 та автобус ва электробуслар харид қилиниб, қатновга қўйилди. Автобуслар ҳаракати ва тўловлар тизими рақамлаштирилди. Таъмирталаб автобусларни таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар ва мойлаш материаллари билан таъминлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бўш ҳайдовчи лавозимларини жамлаш мақсадида 2 минг 425 нафар “D, E” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахс рўйхати шакллантирилди. 685 нафар номзод ишга кириш ҳақида ариза билан мурожаат этди, шулардан ҳайдовчи лавозимига жами 463 таси жамланди.

21 декабрь маълумотига кўра, йўловчилар сони ва тушумлар мос равишда 570 минг 130 нафар ҳамда 629,2 миллион сўмни ташкил этди.
Бугунги кунда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ тизимида 148 та йўналиш мавжуд бўлиб, йўловчилар оқимининг кўпайиш прогнозидан келиб чиқиб, жамоат транспортининг 167 та йўналишдан иборат янги тармоғи шакллантирилди. Бу йўналишларни таъминлаш ва Тошкент шаҳрида жамоат транспортига бўлган талабни тўлиқ қондириш учун яна 1000 та катта сиғимли автобус зарур. Бу орқали автобусларнинг оралиқ интервали 7-10 дақиқагача қисқартирилади.
Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида Тошкент шаҳрида жамоат транспортини ривожлантиришга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Ҳудудларда йўловчи ташиш сифатини яхшилаш мақсадида мингта автобус ҳаракати йўлга қўйилиши, бундан ташқари, жамоат транспортидаги вазият мутлақо ўзгариши, Тошкент шаҳри учун қўшимча мингта замонавий автобуслар сотиб олиниши ва 7 та ер усти метро бекати ишга туширилишини таъкидлаб ўтдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини тезкор ва сифатли таъминлаш мақсадида, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти тизимидаги муаммоларни бартараф этиш орқали аҳолига қулай транспорт хизмат кўрсатишини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ биносида тузилган идоралараро Тезкор штаб аъзолари томонидан аҳолига транспорт хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш бўйича ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳри кўчаларидаги (А.Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўч.) автобуслар ҳаракати учун 3 та алоҳида йўлакларни ажратиш бўйича ишлар давом этмоқда. Жумладан, кун давомида Амир Темур кўчасида 2,1 км, А.Навоий кўчасида 4 км жами 6,1 км узунликда йўл ётиқ чизиқлари чизилди ҳамда 10 дона йўл белгилари ўрнатилди. Жами 148 та йўналишдан 34 та муаммоли йўналишлар аниқланди. Муаммоли йўналишларга қўшимча транспорт воситалари жалб этилди.
Таъмирталаб автобусларни таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар ва мойлаш материалларини таъминлаш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 5 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ажратилган маблағлар ҳисобига жами 572 та автобуслар жорий таъмирланди. Шундан 84 та йўналишда ҳаракатланмаётган автобуслар таъмирланиб йўналишга чиқарилди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ таркибидаги автосаройларда кунлик 860-870 та автобуслар йўналишга чиқарилар эди. Таъмирдан чиқарилган, янги олиб келинган, ва қўшимча жалб этилган автобуслар ҳисобига кунлик йўналишга чиқарилаётган автобуслар сони 1070 тага етказилди.
Натижада йўналишларнинг оралиқ интервали 15-20 дақиқадан 10-15 дақиқага қисқартирилишига эришилди. 3ТМ, 2GIS, Яндекс мобиль иловалари ёрдамида кунлик йўналишга чиқарилаётган автобус йўналишлари тўғрисидаги маълумотларни онлайн режимда (автобусларнинг бекатга келиш вақти, оралиқ интервал) олиш имконияти яратилган.
Йўловчилар сони ва тушумларнинг сезиларли даражада ўсиб бориши кузатилмоқда. Хусусан, 14 декабрь куни йўловчилар 518 минг 624 нафарни ва тушумлар 538,5 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 21 декабрь куни бу кўрсаткич сезиларли ошиб, тегишлича 570 минг 130 нафарни ҳамда тушумлар 629,2 миллион сўмни ташкил этди.
Ш.Маматуропова, ЎзА