Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш тирбандликларга ечим бўлиши мумкин
19:50 / 2025-11-27

Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик  масалалари қўмитаси мажлисида пойтахтда транспорт ҳаракати хавфсизлигини ошириш, тирбандликларни камайтириш ва йўл инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар атрофлича кўриб чиқилди.

Қўмита раиси Қутбиддин Бурҳонов автомобиллар сонининг ошиб бориши ҳаракатни тартибга солишда замонавий, илғор ёндашувларни жорий этишни талаб этаётганини қайд этди. Жаҳон тажрибасида метрополитен, жамоат транспорти ва “Park&Ride” каби моделлардан фойдаланиш тирбандликларни камайтиришда ўзининг юқори самарасини кўрсатмоқда.

Мажлисда Тошкент шаҳридаги асосий муаммолар атрофлича кўриб чиқилди. Жумладан, пиёдалар ва велосипедчилар учун хавфсиз инфратузилманинг ҳали ҳам етарли даражада эмаслиги, айрим йирик чорраҳаларда йўл ҳаракатини тартибга солувчи “ақлли” светофор тизимларининг тўлиқ ишга тушмагани таъкидланди.

Пойтахтда транспорт муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли сифатида аҳолининг шахсий автомобилдан жамоат транспортига ўтишини рағбатлантириш ва шаҳарга кириб келишда ва метро бекатлари атрофида йирик автотураргоҳларни ташкил этишни жадаллаштириш лозимлиги қайд этилди.

Тадбир иштирокчилари ушбу масалалар нафақат тирбандликларни камайтиришга, балки пиёдалар ва ҳайдовчилар хавфсизлигини таъминлашга ҳам бевосита таъсир кўрсатишини таъкидлади.

Тошкент шаҳрида транспорт ҳаракатини оптималлаштириш, жамоат транспортидан фойдаланишни рағбатлантириш, “ақлли” светофор ечимларини жорий этиш ва ахборот технологиялари асосида бошқарувни кучайтиришга оид аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА