Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳолати: муаммо ва ечимлар
19:07 / 2023-11-02

Автобуслар шаҳар жамоат транспортининг асосий воситаси бўлиб, аҳолининг аксарияти улардан ҳар куни ишга, ўқишга ёки бошқа жойларга етиб бориш учун фойдаланади. Шу боис аҳоли ҳаракатчанлигини таъминлашда мунтазам ва ишончли автобус қатновини ташкил этиш муҳим вазифадир.

Барчага маълумки, мукаммал жамоат транспорти тизими нафақат йўллардаги тирбандликнинг олдини олишда, балки йўловчиларнинг хавфсиз ва тезкор ҳаракатланишида, экологияга бўлган юкни камайтиришда ҳам асосий ўринни эгаллайди.

Шу билан биргаликда, Тошкент шаҳри аҳолиси ва пойтахтимиз меҳмонлари томонидан жамоат траспортидан кенг фойдаланилиши мазкур соҳани ривожлантиришга бўлган эҳтиёжни яна долзарб масала қилиб қўймоқда.

Бугунги кунда Тошкент шаҳрида 5 млн аҳоли бўлиб (доимий яшовчи 2,9 млн, кунлик шаҳарга келиб кетувчи 1,5 млн, вақтинчалик истиқомат қилувчи аҳоли 0,5 млн), бу рақам йилига ўртача 100 мингтага ошмоқда. Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган автотранспорт воситалари 760 мингга етган (йилига 76 мингтага ортиб бормоқда), транспорт воситалари доимий ҳаракатланадиган асосий йўл кўча тармоқлари узунлиги эса 470 км бўлиб, 380-400 минг автотранспорт ҳаракатланишига мўлжалланган.  

Шу билан бирга кунлик шаҳарга кириб чиқувчи автотранспорт сони 160-220 минг атрофида бўлиб, кун давомида шаҳар йўлларида 900 мингга яқин автотранспорт навбатма-навбат ҳаракатланмоқда. Бу эса йўл тармоғи 2 баробар кўп автотранпорт юкламасига хизмат қилаётганини англатади.

Транспортда ҳаракатланишнинг 25 фоизи, яъни 1,5 миллиони автобус, метро, микроавтобусларда, қолган 4,5 миллиони шаҳарда кун давомида ҳаракатланадиган 900 минг автотранспортда амалга оширилади.

Транспорт оқимини самарали бошқариш тизими йўқлиги сабабли тирбандликларда ҳаракат тезлиги 7 км/соатгача тушиб кетиши, аҳолининг йўлга сарфлайдиган вақти бундан 3 - 4 йил олдингига нисбатан қарийб икки баробарга ортгани, оқибатда секин ҳаракатланаётган транспортларнинг ортиқча ёқилғи сарфи ва зарарли газлар ҳажми, иқтисодий йўқотишлар ва мамлакатимиз экологиясига зарар ҳам ортиб бормоқда.

Аҳолини шаҳарда ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини тўлиқ, сифатли ва хавфсиз жамоат транспорти билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Айнан шу муаммоларни ечимлари бўйича 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-111 сонли, 2023 йилда  

эса ПҚ-59 сонли қарорлари билан тизим ислоҳотлари, мақсадли кўрсаткичлар ҳамда ислоҳотларни амалга ошириш механизмлари тасдиқлаб берилди.

Мазкур қарорларда белгиланган вазифалар ижроси доирасида сўнги йилларда жамоат транспортини ислоҳ қилиш юзасидан қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди.

Хусусан, 2022 йилда Тошкент шаҳри учун 200 дона ўрта сиғимли SAZ LE 60 русумли ва 190 дона катта сиғимли MAN русумли автобуслар ва илк бор 20 дона замонавий электробуслар харид қилинди.

Жорий йилда жамоат транспортини мукаммал янгилаш юзасидан амалга оширилган лойиҳалар натижасида қўшимча 1 000 дона автобуслар харид қилинди. Жумладан, метан газ ёқилғисида ҳаракатланувчи 500 та катта сиғимли “YOUTONG” ва 200 та ўта катта сиғимли “KINGLONG” автобуслари ҳамда 302 та “YOUTONG” электробуслари олиб келинди.

Мазкур ҳаракат таркиби илмий асосланган технологиялар асосида ташкил этилган янги замонавий йўналишларга ажратган ҳолда, яъни магистрал, халқа, боғловчи ва етказиб берувчи йўналишларга бириктирилди.

Реновацион лойиҳалар ва харидлар натижасида, бугунги кунда жамоат транспорти ҳаракат таркибининг сони 1 959 тани (2022 йилда 1 485 та), ҳаракат таркибининг ўртача ёши 3,5 йил (2022 йилда 7,5 йил), жамоат транспортидан фойдаланиш даражаси 24 фоизни (2022 йил 19 фоиз), янги йўналишлар тармоғи 167 тани (2022 йилда 144 та), автобусларнинг кунлик қатновлар сони 25 404 тани ташкил этиши ҳисобига (2022 йилда 14 999 та) жамоат транспортининг оралиқ интервалини 18-20 дақиқадан  

8-10 дақиқага қисқартиришга эришилди.

Натижада ўтган йилларда куннинг тиғиз вақтларида жамоат транспорти салонидаги тиқилинч, тўлалиги ҳисобига ундан фойдаланиш имконияти бўлмаган қарийб ярим миллион йўловчи сифатли автобус хизматларидан фойдаланишмоқда.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, 2030 йилда ҳаракат таркиби сонини 2 247 тага, ҳаракат таркиби ўртача ёшини 2,6 йил, жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини 40 фоизга, янги йўналишлар тармоғи сонини 178 тага кўпайтириш, қатновлар сонини 27 412 тага етказиш ва натижада  

оралиқ интервалларни 5-8 дақиқагача қисқартириш режалаштирилган. Бугунги кунда, автобусларнинг 1 020 таси (52 фоиз) сиқилган табиий газда, 322 таси (16,6 фоиз) электр қувватда, 617 таси (31,4 фоиз) дизель ёқилғисида ҳаракатланмоқда.

Жамоат транспортининг жозибадорлигини ошириш ва автобусларнинг мунтазам ва бир маромда ҳаракатланишини ташкил этиш мақсадида, 2023 йилда Тошкент шаҳрида автобуслар учун 186,6 км алоҳида ажратилган йўлаклар ташкил этилиши белгилаб олинган бўлиб, шундан 48,2 км масофада (Амир Темур кўчаси – 10,4 км, Аҳмад Дониш кўчаси – 8,5 км, Навоий, Беруний – 6,2 км, Мирзо Улуғбек, Феруза, Юзрабод, Маҳтумқули – 23 км)  алоҳида йўлаклар ташкил этилди.

Сўнгги йилларда Тошкент Марказий Осиёдаги энг тез ривожланаётган шаҳарлардан бирига айланди, шаҳар аҳолиси эса тез кўпайиб бормоқда. Бу эса жамоат транспортига бўлган талабни қондириш учун кўпроқ автобус ва йўналишларга эҳтиёж туғдиради.

Шу сабабларни инобатга олган ҳолда автобуслар ҳаракати ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар ва дастурлар фаол амалга оширилмоқда. Автобуслар паркини янгилаш, транспорт-инфратузилмасини модернизация қилиш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар кўрилди. Автобуслар ҳаракатини самарали бошқариш учун ҳайдовчилар тайёрлаш ҳам йўлга қўйилиб, замонавий технологиялар жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, янги электробусларни ишга тушириш орқали жамоат транспорти фаолиятининг экологик жиҳатига ҳам эътибор қаратилмоқда.

 

Шерали Отабоев,  

ЎзА