Сўнгги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда 112 та олийгоҳда жами 338 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 127 минг 792 ўринни ташкил этади.
Республика миқёсида 46 минг 252 ўринли 86 та талабалар турар жойини барпо этиш бўйича бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда 34 минг 320 ўринли 67 та талабалар турар жойини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Жорий йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилади.
2023 йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган 18 минг 16 ўринли талабалар турар жойи қуриб фойдаланишга топширилган ва таъминланиш даражаси 54 фоизга етказилган бўлса, 2026 йилда олий таълим муассасаларининг ётоқхоналар қуввати 182 минг 616 ўринга етказилиб, таъминланиш даражаси 68 фоиздан оширилиши режалаштирилган.

Тошкент шаҳрида жами 41 минг 848 ўринли 108 та талабалар турар жойи бўлиб, 2022-2023 йилларда Тошкент шаҳрида 7 минг 152 ўринли 13 та талабалар турар жойи қуриб фойдаланишга топширилган.
Ҳозирда 8 минг 542 ўринли талабалар турар жойларини қуриш бўйича 10 та лойиҳага асосан тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, 6 минг 110 ўринли 7 та талабалар турар жойини фойдаланишга топшириш бўйича қурилиш ишлари қизғин олиб борилмоқда.

Жорий йилда Тошкент давлат педагогика университетида 1 минг 500 ўринли талабалар турар жойи фойдаланишга топширилган бўлиб, янги ўқув йилига қадар Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 550 ўринли ва Тошкент давлат шарқшунослик университетида 400 ўринли, ҳамда йил якунига қадар Тошкент давлат транспорт университетида 200 ўринли, Тошкент давлат техника университетида 400 ўринли, Тошкент тиббиёт академиясида 1020 ўринли талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилади.
Талабаларнинг сифатли таълим олиши учун муҳим омиллардан бири уларни турар жой билан таъминлаш масаласидир. 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг барча курс талабалари ётоқхоналарга онлайн ариза юбориш имкониятидан фойдаланиши мумкин. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш my.gov.uz портали орқали 1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.

Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади. Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлиши шарт.
Бунда талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА