Пойтахтимиздаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида мамлакатимиз узлуксиз таълимда узвийликни таъминлаш концепцияси ва миллий ўқув дастурлари тақдимотига бағишланган форум бўлиб ўтди.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Президент таълим муассасалари агентлиги, Мактабгача таълим, Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, Британия кенгаши, Жаҳон Банкининг юртимиздаги ваколатхонаси, KOICA ташкилоти, JICA агентлиги, Германия халқ университетлари ассоциацияси филиали, ERASMUS+ миллий офиси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда узлуксиз таълимда узвийликни таъминлаш концепцияси, миллий ўқув дастури мажмуасини тайёрлаш, синовдан ўтказиш ва тасдиқлаш механизми ҳақида батафсил маълумот берилди. Соҳага оид меъёрий ҳужжатларнинг аҳамияти, таълим сифатини таъминлаш бўйича кун тартибида турган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Қайд этиш жоиз, ўтган бир йил мобайнида халқаро ва маҳаллий экспертлар иштирокида 21 та фан бўйича концепция, миллий ўқув дастурлари тайёрланди.
Анжуманда ўқув дастурини такомиллаштириш бўйича тайёрланган концепция ҳамда “Узлуксиз таълимда фанлар узвийлиги” иловаси муҳокамалар порталига жойлаштирилгани, ўқув дастури лойиҳасига 3500 дан ортиқ таклиф келиб тушгани қайд этилди.
ЮНЕСКОнинг юртимиздаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис Ўзбекистонда узлуксиз таълим концепцияси жорий этилиши ўқитиш сифатини яхшилаш йўлида ташланган муҳим қадам бўлганини эътироф этди.
Таълим босқичида ўқув дастурининг мазмун жиҳатдан ўзаро номутаносиблиги, мавзулар такрорланиши ҳисобига ўқитувчи ва ўқувчи вақти самарасиз сарфланиши, айрим мавзулар учун ажратилган соат ҳажми меъёрдан кўплиги билан боғлиқ камчиликлар кўзга ташланаётгани таъкидланди.
— Дастурларимиз халқаро талабга мос бўлса-да, методикада муаммо бор, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Математика институти директори ўринбосари Ғолибжон Бахтиёров.
— “Skill drоwer” компанияси томонидан яратилган Математика иловасини ўзбек тилига мослаштириш бошлаб юборилган. Ҳозир 18 мингга яқин масала ва мисол ўзбек тилига таржима қилинди. Илованинг устун томони шундаки, ўқувчида ўз даражаси ҳамда синфига оид топшириқни танлаш имкони мавжуд.
Таълимда узвийликни таъминлаш ва баҳолаш самародарлигига эришиш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу маънода узвийлиги таъминланган ўқув дастурининг тажриба-синов тариқасида таълим жараёнига татбиқ этиб борилиши инсон капитали индексида мамлакатимиз мавқеини оширишга хизмат қилади.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА