Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳрида жорий йил 9 ойида содир этилган 15 минг 188 та жиноятнинг 4 минг 37 тасида ёшлар иштирок этган. 242 та жиноят вояга етмаганлар ва 1 минг 58 та жиноят хотин-қизлар томонидан содир этилган. Ёшлар ўртасида аниқланган жиноят иштирокчиларининг 256 нафари лицей ва коллеж талабаси, 10 нафари эса мактаб ўқувчиларидир.
Пойтахтимизда фаолият олиб бораётган Cambridge International University олий таълим муассасасида талабалар орасида хуқуқбузарликни олдини олиш ва талабаларни огоҳликка чақириш масалалари юзасидан тадбир ташкил этилди.
– Ҳар бир ҳодисанинг муайян сабаби бўлгани каби содир этилган жиноятларнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бўлади, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Ёшлар масалари буйича профилактика катта инспектори Ўктам Холиқов. – Шу кўнгилсизлик содир бўлгунга қадар уни аниқлаш ва бартараф этиш чораларини кўриш доимо долзарб вазифа ҳисобланган. Биз, энг аввало бир саволнинг туб илдизига аҳамият қаратишимиз лозим. Ёшларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда?
Ёшлар томонидан содир этилаётган жиноятлар умумий жиноятларга нисбатан 30 фоизга етиб бораётганлиги ачинарли ҳолат. Ёшлар ўртасида жиноятчилик йиллар давомида ортиб келмоқда ва бунга турли омиллар сабаб бўлмоқда. Энг аввало баъзи ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлиги, ўз фарзандининг тарбиясини бировларга ишонишлари оқибатида турли салбий ҳолатлар келиб чиқиши ёшларнинг жиноят оламига кириб келишининг асосий сабабларидан биридир.

Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги бугунги талабга жавоб бермайди. Ўрганишларга кўра, қонунни бузаётган аксарият ёшлар ўз хатти- ҳаракатларининг оқибатини ўйлаб ҳам кўрмаганлиги, бунинг учун қонунчиликда қандай жазо чораси мавжудлигини ҳам билмаслиги аниқланган. Яна бир долзарб муаммо шуки, меҳнат бозорида ёшларнинг бандлиги тўлиқ таъминланмаган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, пойтахтнинг Чилонзор туманида жорий йил бошидан буён 482 та жиноят айнан 18-30 ёшлар атрофидаги хотин-қизлар ва ёшлар томонидан содир этилган. 40 нафар вояга етмаган болалар жиноятга қўл урган. Туман бўйича жиноий жазога тортилган ёшлар сони 529 тани ташкил этади. Ёшлар ўртасида жиноятчилик тарқалиш динамикасига кўра, асосан, психотроп моддаларга мойиллик, гиёҳвандлик, фирибгарлик, ўғирлик, киберхавфсизлик, ижтимоий тармоқлардаги беҳаё фаҳш ҳолатларни тарғиб қилиш, зўравонлик, диний оқимлар таъсирига тушиб қолиш каби ижтимоий хавфи катта бўлмаган, ўртача оғирликдаги, оғир ва ўта оғир жиноятлардан иборат эканлиги аниқланган.
Қайд этилишича, Чилонзор туманида ўрта ва ўрта махсус ҳамда ОТМларда ҳар кунлик “Давомад”, “ТИГ”, “Ўқувчи”, “Ўсмир” каби махсус профилактик тадбирлар ташкил этилиши натижасида тунги кўнгилочар масканларда вояга етмаганларни назоратсиз юришига қарши қаратилган махсус рейд тадбирлари ўз самарасини бермоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА