Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” филиали ташкил этилади
10:15 / 2021-01-14

Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Тошкент шаҳрида “Санкт-Петербург давлат университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга биноан пойтахтимизда “Санкт-Петербург давлат университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси филиали ташкил этилмоқда.

Шарқ тиллари филологияси, мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти, биотиббиёт, аниқ фанлар каби йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича юқори малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш филиал фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади.

Филиалда:

- таълим жараёни “Санкт-Петербург давлат университети” Федерал давлат бюджети олий таълим муассасаси (университет) томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва дастурлари асосида рус тилида, кейинчалик бошқа тилларда ҳам олиб борилади;

- кундузги, кейинчалик сиртқи ва бошқа таълим шаклида кадрлар тайёрланади;

- таълим фаолияти 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Филиалга қабул параметрлари филиал томонидан тасдиқланади.

Талабаларни ўқишга қабул қилиш давлат гранти ҳамда тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Бунда давлат гранти асосида таълим олган филиал битирувчилари 3 йилдан кам бўлмаган муддатга мажбурий ишлаб бериш шарти билан Ўзбекистоннинг давлат органлари ва ташкилотларига тақсимланади.

Тўлов-контракт миқдори филиал томонидан белгиланади.

Филиалда ўқиш бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича – филология (шарқ тиллари бўйича), мамлакатшунослик ва хорижий мамлакатлар иқтисодиёти (шарқ мамлакатлари бўйича), биотиббиёт (кимё, биология, физика, психология ва бошқалар) йўналишларида ташкил этилади.

Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган университетнинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.

ЎзА