Ўзбекистонда 2025 йилда ўртача ойлик номинал иш ҳақи йиллик ҳисобда қарийб 19 фоизга ошиб, 6,4 млн. сўмга етди. Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, республика бўйича иш ҳақи ўсиши кузатилган бўлса-да, ҳудудлар ва соҳалар кесимида сезиларли тафовут сақланиб қолмоқда.
Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи анъанавий равишда пойтахт Тошкент шаҳрида қайд этилди (10,8 млн. сўм). Навоий вилояти (7,9 млн. сўм) иккинчи ўринда туради. Энг паст кўрсаткичлар эса Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 4,5 млн. сўм, Самарқанд вилоятида эса 4,7 млн. сўмни ташкил этган.
Ҳудудларнинг барчасида иш ҳақи ўсган бўлса-да, ўсиш суръатлари бир хил эмас. Энг юқори ўсиш Наманган (22,8 фоиз), Сирдарё (20,8 фоиз) ва Жиззах (20,5 фоиз) вилоятларида қайд этилган. Энг паст ўсиш эса Қорақалпоғистон Республикаси (15,7 фоиз) ва Андижон вилоятида (13,4 фоиз) кузатилган.
Соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида иш ҳақи ўсиш суръати нисбатан юқори бўлишига қарамай, ойлик маош миқдори энг паст даражада қолмоқда. Хусусан, 2025 йилда таълим соҳасида ўртача ойлик иш ҳақи 20,1 фоизга ўсиб, 4,4 млн. сўмни ташкил этган. Соғлиқни сақлаш соҳасида эса иш ҳақи 14,5 фоизга ўсган бўлса-да, ўртача ойлик маош 3,9 млн. сўм билан барча соҳалар орасида энг паст бўлиб қолмоқда.
Таълим тизими ичида ҳам маошлар ўртасида катта фарқ мавжуд. Олий таълим муассасаларида ўртача ойлик иш ҳақи 10,2 млн. сўмни ташкил этган бўлса, мактаб ва профессионал таълим тизимида бу кўрсаткич қарийб икки баробар паст. Мактабгача таълим соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи энг паст 2,3 млн. сўм даражасида қолмоқда.
Энг юқори ўртача ойлик иш ҳақи банк, суғурта, кредит ва лизинг соҳаларида қайд этилди — 17,6 млн. сўм. Шунингдек, ахборот ва алоқа (15,3 млн. сўм), ташиш ва сақлаш (9,7 млн. сўм) соҳаларида ҳам иш ҳақи республика ўртача кўрсаткичидан анча юқори.
Айни пайтда, иш ҳақи ўсиш суръати энг юқори бўлган санъат, кўнгилочар ва дам олиш соҳасида (26,4 фоиз) ҳам ўртача ойлик маош республика ўртачасидан паст — 5,4 млн. сўм бўлиб қолмоқда. Яшаш ва овқатланиш ҳамда қурилиш соҳаларида эса иш ҳақи ўсиши энг секин бўлган.
Ш.Маматуропова, ЎзА