Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури орқали аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш механизмларини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишда маҳалла институтининг роли, жойларда фаолият юритаётган ижтимоий соҳа вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилувчи навбатдаги амалий тадбир сифатида Тошкент шаҳри Яшнобод ва Миробод туманларида маҳалла тизими ходимлари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Мазкур семинар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси Камбағаллик реестрини юритиш масъул ходими Б.Рўзибоев, туман ҳокимлари ўринбосарлари, масъул ташкилотлар раҳбарлари ҳамда “маҳалла еттилиги” аъзолари иштирокида ўтказилди.
Семинар давомида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ҳудудий даражада ижросини таъминлашда маҳалла аъзоларининг ўрни, аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлиш, эҳтиёжманд оилаларни аниқлаш ва уларни тизимли равишда қўллаб-қувватлаш механизмлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ўқув иштирокчиларига баҳолаш жараёнлари, ҳамкорлик асосида амалга ошириладиган ижтимоий ҳимоя чораларининг моҳияти юзасидан батафсил тушунчалар берилди.
Тадбир якунида “маҳалла еттилиги” томонидан берилган саволларга жавоб берилди, юзага келаётган муаммоларга ечим бўладиган амалий тавсиялар билдирилди.
Ушбу семинар маҳалла тизими ходимларининг малакасини ошириш, ижтимоий ҳимоя бўйича билимларини бойитишга хизмат қилган муҳим ташаббус бўлди.
Дилдора ДЎСМАТОВА
ЎзА