Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди
17:38 / 2025-12-25

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тезкор қидирув хизмати томонидан навбатдаги самарали тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида ўзаро алоқадор бўлган беш нафар шахс қўлга олиниб, 13 минг 607 нафар фуқарони заҳарлаши мумкин бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний тарқалиши олди олинди.

Дастлабки тезкор маълумотларга кўра, Отабек исмли фуқаронинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечириш жараёнида ўткир ҳидли кукунсимон модда аниқланган. Шундан сўнг тезкор тадбирлар давом эттирилиб, Игор исмли фуқаро 550 минг сўм эвазига беш дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Шоҳрух исмли шахс 2 миллион 200 минг сўм эвазига 55 дона прегабалин капсулаларини сотаётган чоғида ушланди. Унинг ёнидан яна 60 дона ноқонуний дори воситалари борлиги аниқланди.

Мазкур ишга алоқадор бўлган Насиба исмли шахс ҳам 500 АҚШ доллари эвазига 105 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотаётган вақтида қўлга олинди. Гумонланувчининг яшаш хонадонини кўздан кечириш жараёнида қўшимча равишда 29 дона прегабалин дорилари аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Тезкор тадбирлар натижасида кучли таъсир қилувчи дориларнинг манбаси ҳам фош этилди. Хусусан, Шайхонтоҳур туманида Азиз исмли фуқаро 30 миллион сўм эвазига 750 дона прегабалин дориларини сотаётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинди. Унинг хонадонида ўтказилган кўздан кечириш давомида яна 12 минг 600 дона шундай ноқонуний дори воситалари аниқланиб, холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли тартибда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳамроз Баянов, ЎзА