Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида 87,6 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди
17:38 / 2025-01-31

Миллий матбуот марказида Кадастр агeнтлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкeнт вилояти ҳамда Тошкeнт шаҳар бошқармалари томонидан 2024 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик, умуман, мамлакатимизда ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда давлат назоратини амалга оширишда Кадастр агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “E-yer nazorat” автоматлаштирилган ахборот тизимидан самарали фойдаланилмоқда. 

Мазкур дастур ёрдамида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро ҳужжат алмашиш тезкорлиги оширилди. 

Матбуот анжуманида қайд этилишича, Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан 2024 йил давомида пойтахтимиз ҳудудида амалга оширилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 3 минг 609 та ҳолатда 87,6 гектар ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш бўйича ҳуқуқбузарликлар аниқланган. 

Аниқланган мазкур ҳолатларни бартараф этиш юзасидан берилган ёзма кўрсатмалар асосида 1 минг 678 та ҳолатда 18 гектар ер қонунбузилиш ҳолатлари фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилди. Ёзма кўрсатмаларга мувофиқ қонунбузилиш ҳолатлари бартараф этилмаган 69,1 гектар ер майдонларидаги 1 минг 957 та қонунбузилиш ҳолати юзасидан судларга даъво аризалари киритилиши таъминланди. 

[gallery-21535]

Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан фуқаро ва тадбиркорларнинг соҳага оид масалаларини ижобий ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, ўтган йили бошқарма ва туман бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан жами 7 686 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 5 957 таси қаноатлантирилган, 520 таси юзасидан тушунтириш берилган, 21 таси рад этилган, 19 та мурожаат бошқа идорага юборилган. Туманларда ўтказилган сайёр қабулларда жами 114 та мурожаат ўрганилиб, 24 таси ижобий ҳал этилган, 90 таси бўйича тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. 

2025 йил 1 январ ҳолатига, Тошкент шаҳрининг умумий ер майдони 43 467 гектарни ташкил этади. 

Бугунги кунда аҳолига 10 дан ортиқ турдаги кадастр хизматлари кўрсатилмоқда. Мурожаатлар Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали электрон кўринишда қабул қилиниб, ижроси таъминланяпти. 

2024 йилда кўчмас мулк объектига кадастр паспортини тайёрлаш бўйича жами 120 минг 125 та ариза келиб тушган. Шундан 77 минг 282 та ариза ижобий якунланиб, кадастр паспортлари шакллантириб берилган. Айни йўналишдаги мурожаатларнинг 39 658 таси рад этилган бўлса, 1 минг 382 та ариза жараёнда турибди. 

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича жами келиб тушган 197 минг 395 та аризадан 150 минг 944 таси ижобий ҳал бўлган, 41 минг 64 таси рад этилган, 2 минг 411 та ариза жараёнда. 

2024 йил давомида “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини мулк ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали бериш тартиби тўғрисида”ги низомга асосан “YERELEKTRON” AAT га жами 2 800 та (290,2 гектар) ер майдонлари ваколатли ташкилотлар билан келишиш учун киритилган. Шундан жами 458 та (123 гектар) ер майдонлари электрон-онлайн аукцион савдога чиқарилган. 

Тасдиқланган режа-жадвал асосида “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонунга биноан 2024 йилда Тошкент шаҳридаги 146 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилди. 2025 йил якунига қадар эса 245 та маҳаллада кўчмас мулкларни инвентаризациядан ўтказиш режалаштирилган. 

2025 йилнинг 1 январ ҳолатига жами мавжуд бўлган 43 минг 467 гектар ер майдонларидан 11 500 гектарининг “Uzkad” дастурида электрон харитаси яратилган. Дастурда электрон харитаси яратилган ер участкалари сони 39 494 тани ташкил қилади. Мазкур ер участкаларининг 28 505 тасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилиши таъминланган бўлса, 1 128 таси дастурда фойдаланувчи сифатида ҳисобга олинган. 

Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА