Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ҳам хатлов ишлари амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар хусусида Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси бош мутахассиси Маҳмуджон Азимов қуйидагиларни маълум қилди.
– Қонун 2028 йил 1 январга қадар амал қилади ва ҳужжатлаштириш амалиёти уч йилдан зиёд вақт давомида тўлиқ амалга оширилиши белгиланган. Хеч бир маҳалла эътибор ва хатловдан четда қолиб кетмайди.

Шунингдек, фуқароларда мазкур жараён ва хатлов натижаларини онлайн кузатиш имконияти ҳам мавжуд.
Маълумки, 2024 йил пойтахт ҳудудидаги 146 та маҳаллада хатлов ишлари амалга оширилган бўлса, жорий йил якунига қадар яна 245 та МФЙда кўчмас мулкларни инвентаризациядан ўтказиш режалаштирилган.
Биргина, Тошкент шаҳрида хатлов жараёнларига 170 га яқин кадастр ходимлари сафарбар қилинган. Жорий йил 20 май ҳолатига 21 минг 25 та кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилди. Шундан, хатловдан ўтказилган 15 минг 400 дан ортиқ кўчмас мулк объектининг хатлов жамланмалари шакллантирилиб, республика ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.

Фуқаролар ўз ҳудудида хатлов ишлари қачон ўтказилишини билиб олиши учун kadastr.uz сайтига кириб дастлаб керакли ҳудуд, кейин туман ёки шаҳарни танлаши ва қидирув тугмасини босиши керак бўлади. Шу орқали танланган манзилдаги маҳаллалар жадвали келиб чиқади. Агарда рўйхатдан изланган маҳалла номи чиқмаса, бу маҳалла 2025 йилдан кейинги босқичда хатловдан ўтказилади.
Агар хатлов жараёнида кадастр ходимлари белгиланган ваколатларидан четга чиқиб, тамагирлик қилса ёки коррупцион ҳаракатларни амалга оширса, у ҳолда Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси Коррупцияга қарши курашиш бўлимининг +99871 231-68-51 (ички 246) ҳамда +99897 411-01-15 телефон рақамларига қўнғироқ қилиш сўралади.

Гулноза Бобоева, ЎзА