Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳрида 2 764 та ер қонунбузилиши ихтиёрий бартараф этилди
18:02 / 2026-01-20

Ҳар бир қарич ердан қонуний, оқилона ва мақсадли фойдаланиш барчамизнинг бурчимиз ҳисобланади. Замонавий технологиялар асрида ерга оид ҳеч қандай қонунбузилиш ҳолатини яшириб бўлмайди.

Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси ва унинг туманлардаги бўлим ходимлари томонидан ер муносабатларини тартибга солиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш ва бартараф қилиш борасида кучайтирилган тартибда назорат тадбирлари амалга ошириб келинмоқда.

Кадастр агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси шўъба бошлиғи Азиз Ёқубов олиб борилган чора-тадбирлар хусусида қуйидагиларни маълум қилди:

– Пойтахт ҳудудида ўтказилган ер ва кадастр назорати тадбирлари натижасида 2025 йилида 3 927  та ҳолатда 61 гектар ерлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган. Ерга оид энг кўп ҳуқуқбузарлик пойтахтимизнинг Юнусобод (417 та ҳолатда 9,61 гектар), Сергели (455 та ҳолатда 9,13 гектар), М.Улуғбек (392 та ҳолатда 5 гектар) ва Миробод (375 та ҳолатда 1,56 гектар) туманларида қайд этилган.

Кадастр ходимлари томонидан берилган ёзма кўрсатмалар, олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 2 764 та ҳолатда 25 гектар ер қонун бузилиш ҳолати фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бартараф этилишига эришилган.

Ўз вақтида бартараф этилмаган ҳолатлар юзасидан кадастр ходимлари кейинги чораларни кўришга мажбур бўлади. Кейинги чора эса судларга даъво аризаларини киритиш. Шунга кўра, ер участкаларини қайтариш ва уларда қурилган иморатларни бартараф этиш бўйича 1 622 та ҳолатда 37,91 гектар ер майдони билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан судларга даъво аризалари киритилган.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатида жиноят аломатлари мавжуд бўлган 34 та иш ҳужжати ўрнатилган тартибга мувофиқ прокуратура органларига юборилган.

Юқоридаги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ҳолатлар Ўзбекистон Республикасининг 937-сон Қонуни талабларига мутаносиб бўлмагани учун ҳам ушбу жойларда ер ва кадастр назорати тадбирлари амалга оширилган.

Қўшимча ўрнида, жамоатчилик ва фуқароларга мазкур қонуннинг асл моҳиятини тўғри етказиш мақсадида қуйидагиларга эътиборингизни қаратамиз:

Биринчидан, 937-сонли Қонуннинг асосий мақсади — 2018 йил                    1 майга қадар ҳуқуқий ҳужжатсиз ёки ажратилган майдондан ортиқча ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, якка тартибда уй-жой қурган фуқароларнинг ҳуқуқларини эътироф этишдан иборатдир. Мазкур Қонун 2018 йил 1 майдан кейин содир этилган қонунбузилиш ҳолатларини қамраб олмайди.

Иккинчидан, Ер назорати тадбирлари 2018 йилдан кейин эгаллаб олингани яққол аниқ бўлган ва тасдиғини топган ҳолатлар юзасидан олиб борилади. Бу тоифадаги қурилмаларни аниқлаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 155-сонли фармонига асосан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик мониторинг орқали амалга оширилади. Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар Кадастр агентлигининг “Е-ер назорат” автоматлаштирилган тизимига интеграция қилинади. Агентлик инспекторлари айнан ушбу аниқ далиллар ва таҳлилий маълумотларга таянган ҳолда назорат тадбирларини олиб боради.

Гулноза Бобоева, ЎзА