Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳри учун комплекс дастур қабул қилинади
16:19 / 2025-12-17

Муносабат

Давлатимиз раҳбари куни кеча Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиб, “Юнусобод галереяси” савдо, хизмат кўрсатиш ва бизнес марказига ташрифи доирасида фуқаролар билан мулоқот қилди.

Шунингдек, фаоллар билан ўтказилган йиғилишда Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида келгуси 5–10 йиллик тараққиёт траекториясига оид муҳим маълумотларни айтиб ўтди. Ушбу ўзгаришлар мен каби миллонлаб шаҳар аҳолиси ва меҳмонларни қувотирди.

Шаҳарнинг фаол фуқароси сифатида маърузани, аввало, инсон манфаатини устувор қўйган, аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ва жаҳон тажрибасига таянадиган комплекс дастур сифатида баҳолайман. Сабаби, сўнгги тўққиз йилда Тошкент шаҳри иқтисодиётига 20 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилгани, 5 мингга яқин йирик лойиҳа ишга туширилгани бу шунчаки статистика эмас. Бу минглаб янги иш ўринлари, замонавий инфратузилма, шаҳар иқтисодиётининг юксалиши демакдир.

Айниқса, жон бошига хорижий инвестиция ҳажмининг 2017 йилдаги 71 доллардан 2,2 минг долларга ошгани Тошкентнинг инвестициявий жозибадорлиги кескин ўсганини кўрсатади. Бу эса шаҳар аҳолиси даромадлари ўсишига, камбағаллик ва ишсизликнинг табиий даражага тушишига хизмат қилмоқда. Хусусан, бугун Тошкент шаҳрида камбағаллик даражаси 1 фоизгача, ишсизлик эса 3,5 фоизгача пасаймоқда. Бу натижа мақсадли ижтимоий сиёсат, фаол инвестиция муҳити ва “иш ўрни – даромад – фаровонлик” занжирининг тўғри йўлга қўйилгани самарасидир.

Шунингдек, 2030 йилга бориб пойтахт аҳолиси 3,5 миллион нафардан ошиши кутилмоқда. Бу ҳолат шаҳарни бошқаришда эски маъмурий усуллар билан чекланиб қолмасликни талаб қилади. Шу маънода, Президент томонидан дунёнинг йирик мегаполисларида ишлаган мутахассисларни жалб қилиш таклифи ўта долзарб ва ўз вақтида илгари сурилган ташаббусдир. Ушбу амалиёт Тошкентни фақат маъмурий марказ эмас, балки молия, илғор технологиялар, сунъий интеллект ва стартаплар, креатив иқтисодиёт, маданият ва туризм йўналишларида минтақавий хабга айлантиради.

Ушбу мақсадларнинг туманлар кесимида аниқ белгилаб берилгани стратегиянинг муҳим жиҳатидир. Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемирда саноат ва логистика, марказий туманларда хизматлар ва туризм, шимолий-шарқий ҳудудларда эса юқори технологиялар ривожлантирилади. Бу шаҳар иқтисодиётини мутаносиб ва барқарор ривожлантиришнинг тўғри моделидир.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда пойтахда “тунги иқтисодиёт” ривожлантирилиб, туну кун ишлайдиган 3 мингдан ортиқ савдо-хизмат кўрсатиш объектлари фаолият бошлади. Бу эса минглаб фуқаролар учун қўшимча даромад манбаи яратди. 2026 йилгача яна ўнлаб кўчаларни 24 соатлик фаол ҳудудга айлантириш режаси шаҳар иқтисодиётини янада жонлантиради. Бу ерда гап фақат бизнес ҳақида эмас, балки шаҳар хавфсизлиги, ёритиш, транспорт ва маданий муҳитни комплекс яхшилаш ҳақида бормоқда.

Йиғилишда транспорт тизими бўйича билдирилган ташаббуслар алоҳида эътиборга лойиқ. Ягона бошқарув маркази, сунъий интеллект асосида тирбандликларни бошқариш, “ақлли” чорраҳалар, электробуслар сонини ошириш буларнинг барчаси шаҳар аҳолисининг кундалик ҳаётини енгиллаштиради.

Шу билан бирга, экология масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, сунъий кўллар, яшил боғлар, сояли сайр кўчалари, дренаж тизимининг янгиланиши буларнинг барчаси Тошкентни нафақат иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ҳам барқарор мегаполисга айлантиришга хизмат қилади. Жумладан, ёмғир сувини йиғиш ва уни яшил ҳудудларни суғоришда ишлатиш каби ечимлар замонавий “яшил шаҳар” концепциясига тўлиқ мос келади.

Йиғилишда билдирилган энг муҳим ташаббуслардан бири “Ўзбекистон Республикаси пойтахтининг мақоми тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарурлиги ҳақидаги таклифдир. Сиёсий партия вакили сифатида айтишим мумкинки, бу қонун пойтахтни бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, маҳаллий бюджет ваколатлари, шаҳар ва туманлар ўртасидаги молиявий муносабатларни аниқ ва шаффоф белгилаб беради. Бу эса Тошкентни бошқаришда тизимлилик ва жавобгарликни янада оширади.

Умуман олганда, Президентимиз томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар Тошкент шаҳри учун навбатдаги вазифалар рўйхати эмас, балки аниқ мақсад, механизм ва жавобгарликка асосланган комплекс дастурдир. Ушбу ислоҳотлар марказида эса оддий инсон, унинг муносиб ҳаёти, хавфсизлиги ва фаровонлиги турибди.

Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,

Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,

“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.

ЎзА