Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Тошкент шаҳри саноат салоҳияти ўрганилди
18:26 / 2026-02-09

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан пойтахтимиздаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиш жараёнлари ўрганилди.

Ўрганиш доирасида бир қатор фаолият юритаётган ва ривожланаётган корхоналар кўздан кечирилди. Улар орасида JAC ишлаб чиқариш майдони, Беларусь сармояси иштирокидаги "Fayz Parranda" корхонаси, йирик оловбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган "Ogneupor" МЧЖ ҳамда қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган саноат корхоналари кўздан кечирилди.

Шунингдек, жойларда жорий ишлаб чиқариш жараёнлари, кенгайтириш режалари, қувватлардан фойдаланиш даражаси ҳамда инвесторлар ва корхона раҳбарларининг муаммоли масалалари ва таклифлари батафсил ўрганилди. Инфратузилма таъминоти, логистика, муҳандислик тармоқларига уланиш, кадрлар салоҳияти ва ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш шароитларига алоҳида эътибор қаратилди.

Кўриб чиқилган ҳар бир лойиҳа сезиларли ижтимоий-иқтисодий самара бераётгани таъкидланди. Жумладан, янги иш ўринлари яратилмоқда, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда, турдош соҳалар ривожланмоқда ва маҳаллий иқтисодиётнинг барқарорлиги ошмоқда.

Ўрганишлар жараёнида қайд этилганидек, бундай лойиҳаларнинг амалга оширилиши пойтахтнинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлашга, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ва замонавий ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга хизмат қилади. Бу занжирлар хомашё ва бутловчи қисмлардан тортиб, ички бозор ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи қамраб олади.

Гулноза Бобоева, ЎзА